Янгиликлар 1437
Халқимиз орзуси ушалган кун
Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлиб кирганига 30 йил тўлди. 1992 йил 2 март куни, шубҳасиз, мамлакатимиз замонавий тарихидаги энг муҳим саналардан бири ҳисобланади.
Ушбу тарихий кунни том маънода халқимизнинг асрий орзуси ушалган кун, деб бемалол айтоламиз. Зеро, айнан ана шу кундан бошлаб Ўзбекистон суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланди, глобал ва минтақавий муаммоларнинг муҳокамасида ҳамда муҳим халқаро қарорларни қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Ҳозирда БМТ дунёда кечаётган ҳар қандай сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, қашшоқликка қарши курашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда. БМТ барча аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишга мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи ягона ва энг обрўли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Мана 30 йилдирки, мамлакатимиз ушбу халқаро ташкилот билан узвий ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, дунёда ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизнинг БМТ доирасида глобал ва минтақавий масалаларда кўтариб чиққан муҳим ташаббуслари кўплаб ижобий саъй-ҳаракатларнинг бошланишига сабаб бўлибгина қолмай, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрўсини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг таклифи асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Марказий Осиё ядровий қуролдан холи ҳудуд деб эълон қилинди ва мазкур қирғинбарот қуролдан қутулган дунёдаги кам сонли минтақалардан бирига айланди.
Ўзбекистон – БМТ алоқалари, айниқса, сўнгги беш йилда кескин фаоллашди. Ўзбекистон БМТнинг юксак минбари орқали фаол тарзда энг долзарб минтақавий ва глобал масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72, 75 ва 76-сессияларида нутқ сўзлаб, мамлакатимизнинг ўта муҳим таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.
Энг муҳими, ушбу таклиф ва ташаббуслар ҳаётда изчиллик билан ўз амалий ифодасини топмоқда. Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиёни барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш ҳақидаги ташаббуси асосида 2018 йилнинг 20 июнида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» деб номланган резолюция қабул қилинди.
Иккинчидан, мамлакатимиз раҳбарининг «Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ фожеавий оқибатларни бартараф этиш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш» юзасидан билдирган таклифи асосида 2018 йил 27 ноябрда Нью-Йоркда БМТ томонидан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкил қилинди.
Учинчидан, Президентимизнинг яна бир муҳим таклифи асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Шуниси эътиборга моликки, мазкур резолюцияни Осиё, Африка
ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ мамлакатлар бир овоздан қўллаб-қувватлабгина қолмай, балки унинг ҳаммуаллифи ҳам бўлдилар.
Тўртинчидан, Ўзбекистон етакчисининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўйиш тўғрисидаги муҳим таклифи ҳам ҳаётга тўлиқ татбиқ этилди.
Сўнгги уч йил ичида мазкур мулоқот учрашувларини ўтказиш доимий тус олди ва у минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида улкан аҳамият касб этмоқда. Минтақадаги барча давлатларнинг раҳбарлари иштирок этаётган маслаҳат учрашувларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, сув-энергетика, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби минтақа ҳаётига оид масалалар очиқ муҳокама этилиб, муҳим келишувларга эришилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 21 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси сўзлаган нутқида Янги Ўзбекистон стратегиясига ҳам тўхталиб ўтди. Президентимиз мазкур стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборат эканлигини алоҳида қайд этди.
«Асосий мақсадимиз, - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари, - 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар“ қаторига киришдир».
Бундан ташқари, БМТ минбари Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича муҳим ташаббусларини эълон қилишда ҳам муҳим платформа вазифасини ўтаб келмоқда. Чунончи, мамлакатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси сўзлаган нутқида қўшни Афғонистон масаласига ҳам муҳим эътибор қаратиб, «Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим», — деб таъкидлади.
Халқаро терроризмга қарши кураш масалалари ҳам БМТ билан ҳамкорлигимизда алоҳида ўринга эга. Айниқса, тез кунларда Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур халқаро тадбир доирасида БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан 2022−2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастур имзоланиши кўзда тутилган. Ўзбекистон бу борадаги ўз саъй-ҳаракатларини давом эттирган ҳолда, БМТнинг мазкур Бошқармаси иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган, Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш масалалари ҳам БМТ билан ҳамкорлигимизда муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияда сўзлаган нутқида Ўзбекистон Париж битимининг мақсадларига эришишга қатъий қарор қилганлигини маълум қилди ва қуйидагиларни таъкидлади: «2030 йилга қадар иқтисодиётимизнинг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш кўзда тутилмоқда. 2025 йилга қадар умумий қуввати 2900 мега-ваттга тенг бўлган янги қуёш ва шамол электростанцияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда».
Ўзбекистон ўзининг БМТ билан ҳамкорлигида инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам муҳим эътибор қаратиб келмоқда. Айниқса, 2020 йилда мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангандан сўнг бу соҳадаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилди. Ўзбекистоннинг ушбу муҳим халқаро тузилмага сайланиши, шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини изчил таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Тан олиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп ишлар қилинди. Биргина соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича 30дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Парламентимиз томонидан 10дан ортиқ халқаро шартномалар, чунончи, Халқаро меҳнат ташкилотининг муҳим Конвенциялари ратификация қилинди.
Бундан ташқари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгҳуқуқлиликни таъминлаш, фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик бериш, экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбланган шахсларни озодликка чиқариш, кам таъминланган аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Шак-шубҳасиз, бу ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида (2021 йил февраль) инсон ҳуқуқлари соҳаси бундан буён ҳам БМТ билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг ушбу нутқи мамлакатимиз инсон ва унинг ҳуқуқлари йўлида ўзи танлаган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилишини ва уни фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.
Умуман олганда, сўнгги беш йилда Ўзбекистон етакчисининг БМТ Бош Ассамблеяси минбарларида 31 та ташаббуси илгари сурилди ва улар ҳаётга тўлиқ жорий этилаётгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат БМТ билан, балки унинг таркибига кирувчи бир қатор ихтисослашган муассасалар билан ҳам ўзаро самарали ҳамкорликни тобора чуқурлаштириб бормоқда. Чунончи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан коронавирус пандемиясига қарши кураш, хусусан, аҳолини оммавий эмлаш масалаларида яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ЖССТ томонидан мамлакатимизга керакли асбоб-ускуна ва ҳимоя воситалари етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, ЖССТ шифокорлар, ҳамширалар, бошқа тиббий ходимлар малакасини оширишга, лаборатория ходимларини ўқитишга, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда даволаш протоколларини тузишда кўмаклашишга, коронавирус инфекцияси тўғрисидаги доимий равишда янгиланиб бораётган халқаро ахборотни эркин олиш имкониятини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.
ЮНИСЕФ билан эса бирга болалар саломатлигини асраш, улар орасида турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
БМТнинг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган муассасаси – ЮНЕСКО билан ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Чунончи, бир қатор қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимиз юбилей тадбирлари, турли халқаро фестиваллар ушбу халқаро ташкилот шафеълигида кенг нишонланмоқда.
Мамлакатимиз ҳудудида жойлашган ҳамда жаҳон маданияти намуналарининг дурдоналари бўлган маданий мерос объектларининин ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ва Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ҳозирда ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳудудида жойлашган жами 34 та тарихий обидани ўз ичига олган "Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум" номзодномаси тайёрланган бўлиб, мазкур номзоднома ЮНЕСКО Бутунжаҳон мерос қўмитасининг 2022 йилда бўлиб ўтадиган 45-сессиясида кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши кутилмоқда.
Шу пайтга қадар эса Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бўлса, Бойсун маданий макони, Шашмақом мумтоз мусиқаси, Катта ашула, Аския санъати, Наврўз, Палов маданияти ва анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: адрас ва атлас тикиш, Хоразм рақси – Лазги, Бахшилик санъати ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган.
Умуман олганда, Ўзбекистон сўнгги йилларда БМТнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди. БМТнинг юксак минбари эса мамлакатимизнинг глобал ва минтақавий аҳамиятга эга қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суришда муҳим платформа вазифасини бажариб келмоқда.
Мамлакатимиз БМТ билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон бундан кейин ҳам мазкур ташкилот ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни изчил давом эттиради.
Ҳеч шубҳасиз, бу эзгу ишлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга, юртимиз тинчлигини мустаҳкамлашга ва барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар
қўмитаси раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг