Янгиликлар 1660
Ҳамжиҳатлик улуғ мақсадлар рўёбини таъминлайди
Маълумки, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кўпмиллатли халқимиз фаол иштирок этиб, ўзининг эркин хоҳиш иродасини, юксак ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини яққол намоён этиши орқали, мамлакатимизнинг келажаги учун муносиб бўлган давлат раҳбари сайланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришишига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимиз тараққиётининг келгуси беш йиллигида ҳаётга тадбиқ этиладиган муҳим ташаббус ва халқчил ғоялар илгари сурилди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланиши эълон қилинди.
Шу ўринда бир мулоҳаза, бундан беш йил аввал давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу стратегиянинг ҳар бир йўналиши амалиётга муваффақиятли тадбиқ этилди. Унинг натижалари эса бугунги ҳаётимизда яққол намоён бўлмоқда.
Тўғри, ўтган даврда айрим соҳа ва йўналишларда камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бу табиий ҳол албатта. Ривожланиш, тараққиёт сари интилиш бор экан, илғор ғоялар, ташаббуслар бўлади. Уларни амалиётга тадбиқ этилишининг ўзи оддий одамлар ҳаётида анчагина ўзгаришлар юз беришидан далолатдир. Шу нуқтаи-назардан олиб қараганда ютуқлар ҳам камчиликлар ҳам ўзимизники аслида. Уларни бартараф этишда албатта, бир ёқадан бош чиқариш, бир мушт бўлиб ҳаракат қилиш лозим бўлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Баҳоуддин Нақшбандийнинг “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади” деган доно фикрларини келтириб барчани фаол, юракдан ишлашга чорлагани ҳам бежиз эмас.
Мамлакатимизда ҳамжиҳатликда бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада мустаҳкам давом эттириш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил асосида Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этиш учун ҳар бир юртдошимиз чақириқ дея қабул қилиш лозим. Бу ўз навбатида ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стратегик йўлимизни янада изчил давом эттиришимиз, минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни асрашга, дунёда рўй бераётган мураккаб ва қалтис вазиятда тинч ва осойишта ҳаётимизни мустаҳкамлаш учун янада жипслашиб, дадил ва қатъий ҳаракат қилишга ундади.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг