Хоразмда хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва сиёсий фаоллиги оширилмоқда

11.03.2022 12:03:49

Республика  ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиалида  “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан  “Хотин-қизларнинг  ижтимоий - сиёсий фаоллигини ошириш – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим омили” мавзусида конференция  ташкил этилди.

Конференцияга   партия фаоллари, депутатлари ва мазкур тиббиёт муассасадаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари, тиббиёт ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларга  қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар хусусида таъкидланди.

Шу  ўринда,  “Адолат” СДПнинг устувор ғояларидан бири хотин-қизларнинг  оила ва жамиятдаги муносиб ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган  масалалар тўғрисидаги  фикр ва мулоҳазалар иштирокчилар диққат марказидан жой олди.

Шунингдек,  “Ўзбекистон Республикасида аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бўлган шахсларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар” мавзусида Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Хулкарой Ражабованинг маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Маърузада Таъкидланганидек, меҳнат қонунчилигига мувофиқ, аёлларни ишга қабул қилиш умумий асосларда меҳнат шартномаси тузиш орқали амалга оширилади. Аммо, уларнинг айрим тоифасига қўшимча кафолатлар ҳам белгиланиши мумкин. Масалан, меҳнат қонунчилигида ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилишда ана шундай қўшимча кафолатлар белгиланган. Унинг мазмуни шундан иборатки, аёлларни ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи бунинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Бу тоифа аёлларни ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга мутлақо йўл қўйилмайди. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин (МКнинг 224-моддаси). Бундай ҳолларда уларнинг поймол этилган ҳуқуқлари суд томонидан дарҳол тикланади.

Шунингдек,  мутахассислар томонидан  хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид Фармон ва Қарорларнинг мазмун ва моҳияти тушунтирилди. 

Мавзу юзасидан  бир қатор таклиф ва тавсиялар, фикр-мулоҳазалар муҳокама этилди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар атрофлича жавоблар беришди.

                                                                                                      Замира  АБДУЛЛАЕВА,
                                                                                                                                                “Адолат” СДП

                                                                                                  Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+