Хорижда меҳнат қилаётган мигрантларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?

20.04.2021 15:04:06

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ташаббуси билан “Фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги  масала юзасидан юборилган парламент сўровига бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, сўнгги тўрт йил ичида ташқи меҳнат миграцияси масаласини тартибга солишга қаратилган тизимли ислоҳотлар мазкур соҳадаги кўплаб муаммоларни бартараф қилиш ва фуқаролар учун зарур қулайликлар яратиш имконини бермоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди. Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Вазирлик тақдим қилган маълумотларга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги(Агентлик) хорижий давлатларнинг салоҳиятли иш берувчиларини қидириб топиш ва ҳамкорлик ўрнатиш натижасида Ўзбекистон бозори учун 65000 та бўш иш ўринлари аниқланди. Хориждаги мавжуд иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик ва Агентликнинг расмий ахборот манбаларида ва “lаbor-migrаtiоn” дастурий мажмуасида ёритиб борилмоқда.

Хорижий иш берувчилар билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий танлов асосида вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича Россия, Қозоғистон, БАА, Чехия Республикасининг бир қатор иш берувчи корхоналари билан ҳамкорлик келишув шартномалари имзоланган. Шунингдек, “Ишга марҳамат” мономарказида Москва шаҳри Кўп тармоқли миграция маркази филиалининг очилиши, Германия Федератив Республикаси “GfM GmbH & Со, KG” ва “HR ARENA GmЬН” ҳамда Канададаги “Sobirovs Law Firm” компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада, 2021 йилнинг 1-чорагида 9465 нафар фуқарони хорижда ишга жойлаштиришга эришилди.

Хориждаги меҳнат мигрантлари ва ватандошларга ҳуқуқий, консультатив, ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида Агентлик ва унинг хориждаги ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Уларга мурожаат қилган фуқароларга тегишли маслаҳатлар, хуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдамлар кўрсатиляпти.

Депутатлар вазирликнинг мазкур соҳадаги фаолиятини амалга оширишда мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш географиясини кенгайтириш, хориждаги дипломатик корпусларнинг мигрантлар билан ишлаш масалаларига янада кўпроқ эътибор бериш, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этдилар.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг мазкур парламент сўровига йўллаган жавобини маълумот учун қабул қилдилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+