Имтиёз ва ҳуқуқлардан тўғри фойдаланиш ҳудудлар ривожига хизмат қилади

24.03.2022 11:03:38

Маҳалла қадриятлар, анъаналар шаклланадиган маскан. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи, одамларнинг ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга кўмаклашувчи, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилувчи муҳим институт ҳисобланади.

Аҳоли, айниқса, унинг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қисмини маҳалла орқали ижтимоий ҳимоя қилишнинг ноёб амалиёти ҳам тобора такомиллашиб боряпти. Кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар ва ота-онасизларга кўмаклашиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш маҳалла орқали аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда маҳалланинг ваколатлари ҳам ортди, вазифалар кўлами кенгайди.

Март ойининг дастлабки кунида қабул қилинган “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан бу ваколатлар янада мустаҳкамланмоқда.

Фармон асосида янги ташкил этилган Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш, нуроний ва кексаларни маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик руҳида тарбиялашга кенг жалб этиш, ҳудудларда, айниқса, олис қишлоқларда кексаларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилишини мувофиқлаштириб бориш масалалари вазирлик зиммасига юклатилди. Бу албатта, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, аҳолининг бу институтга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, унинг фуқаролар турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида тенгма-тенг қадам ташлашида муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, фармон асосида маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилмоқда. Бугунги ахборотлашув даврида маҳаллаларни ҳам замон талабига мослаштириш, бунинг учун қулай шарт-шароит яратиш албатта долзарб аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, фармонга кўра, маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилди. Хусусан, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторлари фаолиятини ҳудуддаги ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни бартараф этишга йўналтириш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш, улар фаолиятини баҳолаш ҳамда натижалари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ахборот киритиб бориш, ушбу вазифа эгаларини рағбатлантириш ёки уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу албатта маҳалла раисларининг масъулиятини янада ошириш билан бирга, ҳудуддаги камчиликлар ўз вақтида бартараф этилиши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга жойида ечим топилишига хизмат қилади.

Бугун маҳаллага шундай кенг имкониятлар, қолаверса, зарурий маблағлар ажратилаётган экан, ваколат эгалари булардан манзилли, самарали фойдаланишлари, ҳудудлар ривожига хизмат қиладиган ташаббуслар кўпайиши тарафдоримиз.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+