Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун

25.03.2022 12:03:37

“Янги Ўзбекистон — ишончли ва масъулиятли ҳамкор, барқарор ривожланаётган ва узоқни кўра олаётган мамлакат”.

Кеча, 2022 йил 24 март куни иш бошлаган, пойтахтимиз Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи сессиясида сўз олган меҳмонларнинг якдил хулосаси шундай бўлди. Шу билан бирга, форумда сўз олган халқаро молиявий институт ва ташкилотлар раҳбарлари кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишларда, ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишида шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари, қўллаб-қувватлашлари муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида эътироф этишди.

Кези келганда айтиш керак, кечаги форум Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштириш ҳамда ривожлантиришда, халқаро бизнес ҳамжамиятига мамлакатимизнинг сармоявий имкониятларини намойиш этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга тарихий тадбир бўлди, десак адашмаймиз.

Кейинги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Кўпчилигимиз яхши эслаймиз. Бундан 5-10 йиллар илгари валюта муомаласи соҳаси ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солиниши оқибатида хусусий табдиркор ва ишбилармонларимиз ўз бизнесларини юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларга дуч келишарди. Ўз ҳисобрақамларидаги маблағларни нақдлаштиришда ёки хорижий инвестицияларни жалб қилишда айрим тўсқинликларга дуч келишарди.

Аммо 2017 йилда Президент ташаббуси билан мамлакатимизда валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмлари жорий қилинди ва хорижий валютани конвертация қилиш, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича чекловлар бекор қилинди. Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқдилар. Бу каби тарихий ислоҳотлар мамлакатимизнинг жаҳон бозоридаги экспорт салоҳиятини оширишга, республикамизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ҳамда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилди.

Қолаверса, халқаро ҳамжамият учун очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди, яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича мамлакатимиз минтақадаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритди.

Инвестиция фаолиятининг асосий принциплари бўлмиш қонунийлик, ошкоралик ва очиқлик ҳамда инфестиция фаолияти субъектларининг тенглигини таъминлаш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилинди ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиб сайланди. Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисоб́дорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Қолаверса, солиқ юки енгиллаштирилиши, божхона божлари камайтирилиши, солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши натижасида иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. 59 мингта инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳисобига 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Форумнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.

Юртбошимиз ўз нутқида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларига батафсил тўхталди. Хусусан, мамлакатда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш чораларини изчил давом эттириш, ихчам ва юқори натижадор, бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат бошқари тизимини яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш, инфратузилмани жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, маҳаллий хомашё негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталига сармоя киритиш, ташқи савдони либераллаштириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида бошланган ислоҳотлар давом эттирилиши қайд этилди.

Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказиш кўзда тутилгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришиш мақсад қилиб қўйилган.

Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитидаги ўзгаришларни форумга ташриф буюрган нуфузли халқаро молиявий ташкилотлар раҳбарлари ҳам алоҳида эътироф этишди. Жумладан, ЕТТБ Президенти Одиль Рено-Бассо “Биз Ўзбекистонда ислоҳотлар кучини, трансформация кучини ҳис қилмоқдамиз. Бу жуда ижобий ҳолат бўлиб, бутун дунё эътиборини тортмоқда. Шу боис Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган беш йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётига 3,3 миллиард доллар, ўтган йилнинг ўзида 600 миллиондан ортиқ инвестицияни киритди”, дея ўз фикрини билдириб ўтди.

Давлатимиз раҳбари нутқида эришилган натижалар билан бир қаторда охирги йилларда дунёда юз бераётган пандемия синовлари, иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд қийинчиликлар ва бошқа муаммолар Ўзбекистонни ҳам ностандарт чоралар кўришга, янгича вазиятда ишлаш ва натижага эришишга ўргатаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳар қандай муаммо ва тўсиқларга қарамасдан Ўзбекистонда ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани, келгуси 5 йилга мўлжалланган ва “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти ва инсон капиталини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк дахлсизлиги ва гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим вазифалар амалга оширилишда давом эттирилиши маълум қилинди.

Халқаро форумда яшил энергиядан тортиб инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан то иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган мавзулар, стратегик ташаббуслар муҳокама қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш керак, бу каби халқаро форум ва учрашувлар Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар, молия-иқтисодий ташкилотларни жалб этишга хизмат қилади. Пировард мақсад эса меҳнаткаш, мард, олийжаноб халқимиз учун барқарор иш ўринлари яратилади, улар учун зарур инфратузилмалар барпо этилади. Муносиб меҳнат шароити ва барқарор даромадга эга инсонлар кўпайса, жамиятимизда бахтиёр ва баркамол оилалар сафи кенгайиб бораверади.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+