Янгиликлар 1101
Инсон манфаатлари улуғланган юрт юксалади, келажакка дадил боқади, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ноанаънавий тарзда бошланди. Кун тартибидаги масалалар кўрилишидан аввал Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Зеро, 10 декабрь истиқлол ва миллий ғуруримиз тимсоли бўлган мадҳиямиз қабул қилинган кундир.
Ушбу жонажон Ватанимизнинг бирдамлик қўшиғида халқимизнинг азалий ва абадий хоҳиш-иродаси, теран тафаккури, йиллар давомида истиқлол ва истиқбол йўлида, ғанимларга қарши курашларда сўнмаган ор-номуси, ўз бошини ва қадди-қоматини баланд кўтариб юриш учун таянч ва суянч манбаи бўлмиш буюк ва муқаддас мустақил Ватан барпо этиш ғояси акс этган.
Давлат мадҳияси юзасидан депутатлар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ойдин Абдуллаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
– Давлат мадҳияси – ҳар қандай ривожланган жамиятга хос маданиятнинг ажралмас бир қисмидир. Мадҳия инсонларни оддий кундалик ташвишлардан халос этиб, юксак фикрларни идрок қилишга ундайди. Ҳар биримизни бутун борлиқнинг ажралмас қисми эканимизни теран ҳис этишга чорлайди. У инсонларни ягона мақсад, эзгу амаллар атрофида бирлаштиради, руҳиятига тиниқлик бахш этади.
Мажлисда депутатлар шу кезларда халқимиз ва кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш билан ўрганилаётган, дастуруламал ҳужжат дея эътирофларга сазовор бўлаётган қутлов — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригининг мазмун-моҳиятига яна бир бор эътибор қаратди.
Самимий сўзлар ила битилган давлатимиз раҳбарининг ушбу табригида илгари сурилган ғоялар — “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу истак доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, Конституциямизда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш, оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш борасида депутатлар олдида турган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди. Мазкур табрик сермазмун ва инсонпарварлик ғояларига йўғрилган, халқимиз ва давлатимиз ҳаётини янада юксалтиришда муҳим йўналишларни қамраб олган ўзига хос мурожаатдир.
Янги Ўзбекистон инсон қадри улуғ, ҳуқуқлари қадр топаётган юрт. Тинчлик, осойишталик ва бағрикенглик ҳукм сураётган мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун.
Бугун, 10 декабрь Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан қуйи палатанинг ялпи мажлисида депутатлар бу мавзуга алоҳида тўхталди. Кейинги йилларда юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадр-қиммати ва шаънини улуғлашдек эзгу тамойилларни ўзида мужассам этган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зеро, қайси мамлакатда инсон, унинг манфаатлари ва эҳтиёжлари устувор бўлса, ўша давлат ривожланади, келажакка дадил боқади, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонади.
Сўз олган халқ вакиллари таъкидлаганидек, Президентимизнинг тегишли фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди, Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Парламент комиссиясини тузилди.
Мазкур комиссия бугунги кунда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга оширилиши устидан парламент назоратини амалга ошириб келмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш ва жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришга, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этишга кўмаклашмоқда.
Мажлисда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида қилиниши керак бўлган ишлар, устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди. Бу борада ҳам депутатлар фаоллик билан ўз муносабатларини билдирди.
Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, кейинги беш йилда инсон, унинг эркинликларининг руёби йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди. Кўп йиллар давомида мамлакатимизда яшаб, лекин фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Кўплаб юртдошларимизни қийнаб келаётган “прописка” муаммоси ҳал этилди.
Мамлакатимиз тарихида илк бор “Меҳр” операцияси беш маротаба амалга оширилиб, Сурия, Ироқ ва Афғонистондан кўплаб фуқароларимиз, асосан, аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келинди. Бундай эзгу ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси туфайли амалга оширилди, десак айни ҳақиқатдир.
Фикрингизни қолдиринг