Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги ҳам улуғ бўлади

08.11.2021 11:11:21

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқини диққат билан тингладим.

Дарҳақиқат, ҳаммамиз кўриб-билиб, ҳис этиб турибмиз, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиши мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб бораётган сиёсатимизнинг юксак эътирофидир.

Юртимизда илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилган тарихий Президент сайловида 18 та халқаро ташкилот ва 45 та хорижий давлатнинг мингга яқин вакиллари халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди. Шунингдек, 1700 га яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини бевосита ёритиб борди. Уларнинг барчаси, сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, юқори савияда ўтганини қайд этишгани бизни мамнун этади, албатта.

Янги сайланган Ўзбекистон Президенти ўз нутқида сайловда фаол иштирок этган Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси номзодларига алоҳида миннатдорлик билдигани бизни янада мамнун этди. Зеро, Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “Биз сайлов жараёнида ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, сиёсий партиялар билан фаол ҳамкорлик қиламиз. Уларнинг сайловолди дастурларидаги муҳим амалий ғоя ва таклифлар келгуси фаолиятимизда эътиборимиздан четда қолмайди”.

Чиндан ҳам биз энди янада жипс бўлиб бирлашамиз ва бутун кучимизни, саъй-ҳаракатларимизни, иқтидоримизни ягона улуғ мақсадимиз бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратамиз. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаб ўтганидек, “Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!”

Давлатимиз раҳбари маърузасининг яна бир эътиборли жиҳати шунда бўлдики, мамлакатимиз етакчиси бундан кейин ҳам “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш ўз фаолиятининг бош мезони бўлиб қолишига урғу берди.

Инсон қадри... Нақадар улуғвор, кенг, серқатлам, мазмун-моҳияти улкан тушунча. Инсон бу дунёда ўз қадрига эга бўлиб яшагандагина тўлақонли ҳаёт кечиради, Инсон бўлиб яшайди. Президентимиз ўз нутқида бу тушунчани янада ёрқинроқ ва янада кўламлироқ ифодалади: “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”.

Дарҳақиқат, етакчи учун бундан улуғ мақсад, бундан устуворроқ вазифа бўлмагай. Зеро, Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги ҳам улуғ бўлгусидир.

Яна бир ўта муҳим янгилик шуки, Президентимиз ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойилни асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб бериши шубҳасиз.

Марузада Президентимиз таъкидлаганидек, биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз. Чунки, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ устувор масалаларни ҳал этишда кенг жамоатчилик, ҳар қайси фуқаронинг фикри биз учун ўта муҳимдир.

Шунингдек, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади. Бунинг учун давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади.

Шубҳасиз, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш сиёсий кучларнинг, хусусан, “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлисдаги фракцияси аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Партиямиз ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизга янада яқин бўлган мазмундор ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда, бир сўз билан айганда, юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда фракциямизнинг ҳар бир вакили фаол иштирок этади, албатта.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+