Янгиликлар 2467
Иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилади
2021 йил йил 9 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференц алоқа тарзида бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатлари, сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари такомиллаштирилган. Бугунга келиб эса, ушбу ўзгартиришларни қонунда акс эттириш зарурати юзага келмоқда.
Хусусан, лойиҳа билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилмоқда. Бунда Ҳукумат зиммасига сув хўжалигини ривожлантириш, сувни оқилона бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ва сувга доир бошқа дастурларни тасдиқлаш, шунингдек, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш масалалари юклатилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига сув истеъмолчилари уюшмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг кўрсатган сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг ундирилишида ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳамда аҳоли томорқа ерларига сув етказиб бериш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш масаласи белгиланмоқда.
Шу билан бирга сувни истеъмол қилиш қоидалари бузилган, сув мақсадсиз истеъмол қилинганда ҳамда лимитдан ортиқча сув олинганда сув истеъмолчиларига сув беришни вақтинча тўхтатиб қўйишга ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилиш масалалари қонун лойиҳасига киритилмоқда.
Депутатлар лойиҳада ўз аксини топган алоҳида аҳамият касб этадиган сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа стратегик сув хўжалиги объектларидан ташқари сув объектлари ёки уларнинг қисмлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклиги тамойиллари ҳамда бошқа шартларда фойдаланишга берилиши мумкинлиги киритилаётганини эътироф этиб, бунда сув омборлари, сел-сув омборлари ҳамда стратегик давлат сув хўжалиги объектлари хусусийлаштирилмасликни белгилаш масаласини қўллаб қувватлашди.
Шунингдек, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари қаторига рақамли технологияларни жорий қилиш масалаларидаги нормаларни ҳам мустаҳкамлаб қўйиш таклифларини илгари суришди.
Фракция аъзолари лойиҳада сув объектларидан саноат мақсадларида ва энергетика эҳтиёжлари учун фойдаланувчиларга атом энергетикаси ҳам киритилиб, уларнинг мажбуриятларига сувларнинг радиоактив ифлосланишини белгиланган меъёрлардан ошишига йўл қўймаслик шартлиги белгиланаётганини ижобий баҳолашди. Чунки айрим саноат корхоналари сув ресурсларидан фойдаланишда ўз манфаатлари йўлида табиатга ортиқча зарар етказаётганлик ҳолатлари кўп кузатилаётганлиги барчамизга маълум.
Йиғилишда депутатлар Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилиши тартиби киритилаётганлигига алоҳида тўхталиб, бунда масалага кенгроқ ёндашиш ва рухсат бериш тартибини соддалаштириш таклифини илгари суришди. Сабаби, мамлакатимизнинг айрим ҳудудлари бевосита сув истъемолида қудуқлардан фойдаланиши ҳеч кимга сир эмас.
Алоҳида айтиб ўтилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида сувдан оқилона фойдаланилишига, сувдан фойдаланиш тартига солинади, сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шериклиги тамойилларини жорий қилиш ва давлат бюджети харажатларини камайтиришга, соҳада рақамли технологияларни кенг жорий қилиши ва сувдан фойдаланишда шаффофликни таъминлашга, сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналари режимларига риоя қилинишини эришилади.
Фракция йиғилишида шунингдек, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда депутатлар мазкур лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб, иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш, улар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш масалаларида амалдаги қонунчилик нормалари ва жорий тартиблар етарлича самара бермаётгани айтиб ўтилди.
Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратилади, тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари қўлланилган корхоналарда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатилади, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбари ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор тузган битимлардан бош тортиш, уларни ҳақиқий эмаслиги шартлари тартибга солиниши белгиланмоқда.
Депутатлар айтиб ўтганидек, лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати суд бошқарувчилари ўз мажбуриятларини бажаришда қўшимча ҳуқуқларга эга бўлиб, улар фаолияти натижалари рағбатлантирилади, шу билан бирга жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳамда улуш киритиш асосида қурувчиларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлигини ошишига хизмат қилади.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг