ИШ ЎРИНЛАРИНИ НАФАҚАТ ЯРАТИШ, САҚЛАБ ҚОЛИШ, БАНКРОТЛИККА УЧРАЁТГАН ТАДБИРКОРЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

03.11.2021 12:11:46

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Янги Ўзбекистон” газетасида қўйидаги сўзларни айтиб ўтдилар “...биз ҳозирги глобал пандемия даврида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, жумладан, тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймасликни асосий мақсадларимиздан бири сифатида кўрамиз. Чунки ҳар бир тадбиркорлик тузилмаси ортида қанча-қанча инсонларнинг иш ўрни, оилаларнинг даромади, бугунги ва эртанги тақдири турибди.”.

Охирги йилларда тадбиркорлар сони бир неча баробар кўпайиб, 50 фоиздан зиёд корхоналар ташкил этилган. Шу сабабдан бизнес, тадбиркорлик ва хусусий мулкни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш устувор вазифа бўлмоқда.

Бежизга Ўзбекистон Республикаси Президенти “Янги Ўзбекистон” газетасида қўйидаги сўзларни айтиб ўтдилар “Тадбиркорлар уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги чиройли сўзларни кўп эшитган, энди бу гапларнинг амалий таъсири ва натижасини ўз кундалик фаолиятида ҳис этиши керак.”.

Айниқса, ана шундай эътибор ёшларга берилгани туфайли сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайди ва 500 мингдан ошгани, ушбу соҳа ривожида муҳим ўринни эгалламоқда. Қайд этиш лозимки, жорий йилда 92 мингдан зиёд ёшларнинг лойиҳалари учун 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани бундай ёшларимиз сафини янада кенгайтиришга сабаб бўлди. Бундан ташқари, қишлоқларда ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиш бошланди.

Шу йилнинг 8 ойи мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 430 минг нафар ёшларга муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади.

Шу сабабдан, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сезиларли даражада ўзгармоқда, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқларига мувофиқ, илғор хорижий тажрибалар ўрганилиб “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси томонидан маъқулланди.

Ушбу Қонун лойиҳасини қабул қилиниши натижасида:

- тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратилади;

- тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари қўлланилган корхоналарда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатилади;

- тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбари ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади;

- тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор тузган битимлардан бош тортиш, уларни ҳақиқий эмаслиги шартлари тартибга солинади;

- суд бошқарувчилари ўз мажбуриятларини бажаришда қўшимча ҳуқуқларга эга бўлиб, улар фаолияти натижалари рағбатлантирилади;

- жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳамда улуш киритиш асосида қурувчиларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилади.

Бундан ташқари, “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлигини ошишига хизмат қилади.

Қисқа қилиб айтганда, кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш-2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Ҳақиқатдан ҳам, Президентимиз айтганларидек “Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир”.

 

Хамзаев Дилшод Баймуродович,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+