Янгиликлар 2106
Ишбилармонлик учун янги имкониятлар
Тадбиркорлик бугун мамлакат иқтисодиётининг “драйвери”га айланиб бормоқда. Бу жараёнда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркин ва самарали фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Кейинги йилларда мамлакатда барча соҳалар қатори, тадбиркор ва ишбилармонларни ўйлантириб келаётган муаммолар ечимига катта эътибор қаратилди. Президентимизнинг илк маротаба кенгайтирилган шаклда тадбиркорлар билан олти соатдан ортиқ вақт мобайнида очиқ мулоқот ўтказиши, ишбилармонлар билан дилдан мулоқот қилиши минглаб тадбиркорларни тўлқинлантириб юборди.
Шу ўринда мулоқотни ташкил этиш тўғрисида қисқача тўхталадиган бўлсак, кўча-куйда бу учрашув зарурмиди, деган гап-сўзлар ҳам қулоққа чалинди. Биз бир нарсани тўғри англашимиз керак, агар Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторида кўришни, иқтисодиётимиз мустахқам бўлишини ва ялпи ички маҳсулот ҳажмининг йилдан йилга барқарор ўсиб боришини истасак, албатта тадбиркорларга кенг йўл очиб беришимиз зарур.
Боз устига ялпи ички маҳсулот хажмида ишлаб чиқариш ва хизматларнинг улуши салмоқли ўринни олиши лозим. Шу боис, тадбиркорлар сонини кўпайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятига давлат аралашувини кескин қисқартириб бориш лозим, деб ҳисоблайман.
Бугунги кунда мамлакатимизда 1,5 миллион тадбиркор фаолият юритаётгани, уларда 5 миллион нафарга яқин ватандошларимиз иш билан таъминлангани Президентимиз томонидан бежизга қайд қилинмади. Ҳақиқатдан ҳам ушбу рақамлар 2 баробар оширилганда аҳолимизнинг ақсарият қисми иш билан таъминиб, рўзғорига барака кириши аниқ.
Эътиборлиси шундаки, учрашувда асосий урғу бажарилган ишларга эмас, балки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг бугунги кунда олдида турган муаммоларини ҳал этишга каратилди. Бу бошқа учрашувлардан ажралиб турадиган жиҳат.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, тадбиркорларга эътиборнинг намунаси сифатида Президентимиз 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифини билдирди ва бу тадбир иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбарининг соҳадаги турли масалаларни қарорлар эмас балки, қонун билан ҳал этиш лозимлиги тўғрисидаги таъкиди биз депутатларнинг ҳам масъулиятини бир неча каррага оширади. Шу нуқтаи назардан, қонун ижодкорлиги жараёнида кўтарилган масалаларга жиддий ёндашиб уларнинг ечимини қонунларда акс эттириш, шу йўл билан тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишимиз зарур.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг