Ислоҳотлар халқчил, натижалар самарадор

19.08.2021 19:08:54

Яна саноқли кунлардан сўнг биз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз истиқлолининг ўттиз йиллигини нишонлаймиз. Таъбир жоиз бўлса, биз Мустақиллик аталмиш улуғ иншоотимизга уч ўн йиллик масофадан туриб қараймиз, холисона баҳо берамиз, ютуқларидан ғурурланамиз, фахрланамиз.

Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири билан суҳбатида Ўзбекистон халқининг мустақилликка эришган  дастлабки даврларга назар ташлаб, осон бўлмаганлигини, халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан улкан марралар забт этилганлиги, тарихан  қисқа  муддатда  Ўзбекистон конституциявий давлат бўлиб  барпо этиланганлиги ва унда учта мустақил тармоқ-қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топганлигини алоҳида эътироф этди.

Тан олайлик, истиқлол йиллари, айниқса, шиддатли, баланд суръатли ислоҳотлар билан кечган кейинги беш йил мобайнида мамлакатимиз чиндан-да демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланди. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча ҳаётий воқеликка айланди.

Ушбу суҳбатни мутолаа қиларканман, кўнглимда ўзим яшаб турган Ватан учун ифтихор ҳислари жўш урди. Зеро, шу юрт — ҳаммамизники. Унинг ютуқлари, муваффақиятлари, оламшумул зафарлари — ҳар биримизни ва барчамизники!

Албатта, “Янги Ўзбекистон” ғояси ўз-ўзидан, йўқ жойда пайдо бўлиб қолмади. Бу ғоя тарихий зарурат, эҳтиёж ҳосиласи бўлди. Президентимиз сўзлари билан айтганимизда, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Шубҳасиз, биз мана шундай янги макон, янги замон бунёдкорлари сафида бўлаётганимиздан мамнунмиз. Энг муҳими, бу масъулиятли жараёнда мақсад ва унга элтар йўллар аниқ белгилаб олиниб, мамлакат миқёсида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзгаришларнинг барчаси адолат ва яна адолат тамойилига қатъий амал қилинган ҳолда, ҳаётга татбиқ этилди. Ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига қатъий ишонч пайдо бўлди. Халқнинг бундай ишончи эса ҳар соҳада мўъжизалар яратишга қодир.

Барча ижобий ўзгаришлар аввало одамлар турмуш тарзида, кундалик ҳаётида юз кўрсатади. Ўзингиз бир тасаввур этиб кўринг,  бундан олти-етти йил муқаддам  мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечишни тасаввур этиб бўлармиди? Ёки электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали бемалол нақд пулга айлантириш, хорижий валюталарни банклардан истаганча сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйишни-чи? Тасаввур этиб ҳам бўлмасди. Аммо бугун улар амалдаги воқеликка айланди, ваҳоланки, Юртбошимиз сўзлари билан айтганимизда “бу билан осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Аксинча, бюрократия, вазифани суиистеъмол қилиш, тамагирлик кўринишлари камайиб, жамиятимиз ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади”.

Ҳаёт эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади... Шу эмасми эл манфаати йўлида амалга оширилган ислоҳотларнинг асл моҳият-мазмуни... Этироф этамиз, биз яхши яшай бошладик. Табиийки, шунга мутаносиб равишда истеъмол талабимиз ва эҳтиёжларимиз ҳам муттасил ортиб боради. Еримиз, сувимиз сингари ресурсларимиз эса ўз-ўзидан кўпайиб қолмайди. Нима қилиш лозим? Президентимиз ўз интервьюсида замонавий тамаддуннинг энг муҳим, энг устувор жиҳатини қайд этади: “ Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт”.

Чиндан ҳам, билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш эвазига Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида янада кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айлантира оламиз.

Шунингдек, Президентимиз мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида энг устивор 6 та вазифага тўхталди. Шулар ичида бешинчи уствор вазифа сифатида “пандемия даврида халқимизниг соғлиғи ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда” деб таъкидлаб, айнан шу мақсадда 2021 йил учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира шакллантирилганлиги ва ушбу маблағ ҳисобидан бугунги кунда тиббиёт соҳасида жуда кўплаб зарур чора тадбирлар амалга оширилаётганлиги атаб ўтилди.

Шунинг билан бирга тиббиёт соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, соҳани кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам асосий вазифалардан бири эканлигига тўхталиб ўтилди. Айниқса, жойларда етишмаётган гемодиализ, тиббий диагностика ва реаблитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаётганлиги сабаб давлат-хусусий шерикчилигини амалиётга кенг жорий этиш масалалари ўта долзарбдир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур интервьюсиз барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги дастуриамал режаларнинг концептуал асослари дея бахолашимиз мумкин. Бизнинг зиммамизга юкланган улуғвор тарихий вазифа эса — Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлиш масъулияти ва шарафини асло унутмасдан меҳнат қиламиз.

 

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+