Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилмоқда

29.03.2021 19:03:29

Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш халқимизга хос азалий қадрият саналади. Кексаларимизнинг дуо ва маслаҳатларини олиб, бугунимиз ва эртагни кунимизда устувор саналган вазифаларимизни белгилаб оламиз. Шу боисдан сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, охирги тўрт йилда 27 та тиббий-ижтимоий муассасаларда 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. Натижада, замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўринлар фойдаланишга топширилди.

Яратиб берилган шароитлар сабаб, санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 20 фоизга ортиб 43 минг нафарни ташкил этди. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.

Жумладан, 2021 йилги Давлат дастурида ҳам оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам бериш ҳамда муҳтож хотин-қизларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Куни кеча қабул қилинган “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш”, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Президентимиз Фармони билан эса ушбу йўналишдаги ишларни амалга оширишда мутлоқа янги тизим ва ёндашув яратиб берилди. Хусусан, Фармон билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилмоқда.

Эндиликда, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг, жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларининг кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш агентлик зиммасига ўтказилади.

Шу билан бирга, агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий раҳбарлик қилиш вазифасини ҳам бажаради.

Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ҳамда мутахассислар тайёрланишини ташкил этиб, муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини олиб боради.

Шунингдек, агентлик ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этишда ҳам бевосита иштирок этиб, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Фармон билан ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, шу жумладан концерт дастурлари ташкил этиш орқали кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирокини таъминлашга оид бир қатор вазифалар белгиланмоқда.

Энг қувонарлиси 2021 йил 1 апрелдан “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг раҳбар ва шифокорлари ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга ва бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари фаолиятини такомиллаштиришнинг мутлоқа янги тизими яратилмоқда.

 

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+