Янгиликлар 1767
Конституция — кўзлаган юксак марра ва мақсадларимизга эришишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ва эртанги кунга бўлган ишончи, бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуришнинг мустаҳкам пойдевори негизида Конституциямизда белгиланган асосий қоида ва ҳуқуқий асослар ётибди, десак асло муболаға бўлмайди.
Мустақилликнинг илк йилларида яратилган мамлакатимиз бош қонуни – Конституциямиз яратиб берган замин негизида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган стандартлари ва нормаларига тўла мос бўлган давлат бошқаруви ва ҳуқуқий тизим ташкил топди, иқтисодиётнинг самарали механизми яратилди.
Шу боис, Конституциямиз кўп укладли бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш ва унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий пойдеворига айланди.
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини, сиёсий жиҳатдан қурилишининг асосий томонларини тартибга солиш бўйича тамоман янгича ёндашувни белгилаб берган Конституциямизнинг 36-моддасида “ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” эканлиги қатъий белгиланиб, шахсларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи конституциявий норма даражасига кўтарилди ҳамда муҳим иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилди. Шунингдек, Конституциянинг 53-моддасида, “... Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди” деб кўрсатилган. Бошқача айтганда, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни мулксиз тасаввур этиб бўлмайди. Демак, мулк билан боғлиқ ижтимоий муносабатларсиз ишлаб чиқариш ва хўжалик юритиш жараёнлари ўз мазмунига эга эмас. Ушбу муносабатларда Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Бу борада Давлат мулк ҳуқуқи субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлаш, мулк ҳуқуқи шакллари (хусусий ва оммавий мулк)нинг тенглигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти учун зарур тегишли институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида имтиёзлар жорий этиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш каби вазифаларни амалга оширади.
Конституциямизда кўрсатилган нормалар миллий қонунчилигимизнинг асосий йўналишларини белгилаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Яъни, бошқа қонунларимиздаги мавжуд нормалар Конституция нормаларига зид келиши мумкин эмас. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 167-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида мулкнинг хусусий мулк ва оммавий мулк шакллари белгиланган бўлиб, бу Конституцияда эътироф этилган мулкчиликнинг хилма-хил шаклларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Хусусий мулкнинг асл маъноси, мазмуни, унинг объектлари, субъектлари, вужудга келиш асослари ва бошқа тушунчалар Фуқаролик кодексининг 16-бобида ўз аксини топган бўлиб, ушбу бобнинг 207-моддасида хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи эканлиги, хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 17-бобида оммавий мулк тушунчаси ўз аксини топган бўлиб амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулки (муниципал мулк)дан иборат бўлган давлат мулки оммавий мулк эканлиги белгилаб қўйилган. Демак, қонун ҳужжатларида мулк шаклларининг аниқ белгиланиши, энг аввало, конституцион нормага асосланган.
Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган бош мақсад, принцип ва қоидаларни амалга ошириш учун мамлакатда бизнесни, хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу асосда юртимизда хусусий тадбиркорликни тараққий эттириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити яратилди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз ишини очиш учун тартиб таомиллар, рухсат олиш жараёнлари анча соддалаштирилди, солиқ ва статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш бўйича қонунчилик асосларининг такомиллаштирилиши билан бу йўналишдаги тизимли ишлар янги босқичга кўтарилди. Бу жараён кенг миқёсда, янгича босқичда давом этаётгани эса эътирофга сазовордир.
Бош қомусимиз меъёрлари асосида қатор қонун ва қонуности ҳужжатларнинг қабул қилиниши хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларининг самарали таъминланишида муҳим аҳамият касб этганини қайд қилиш жоиз. Бугунги кунда бевосита соҳани тартибга солувчи 450 дан зиёд меъёрий ҳужжат мулкдорлар қатламининг ривожланишида ишончли ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида таъкидлаганидек, муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда жадал олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда, кўзлаган юксак марра ва мақсадимизга эришишда Асосий қонунимиз мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг