Конституциявий ислоҳотларга барчамиз масъулмиз

07.06.2022 09:06:05

Конституция мамлакат ҳуқуқий тизимининг асоси бўлганлиги сабабли унинг бошқа барча норматив-ҳуқуқий хужжатлардан устуворлиги қонунда белгиланган ва мустаҳкамланган бўлади. Демак, Конституция доимо жамиятда бўлаётган ўзгаришларга ҳамоханг равишда бўлиши, янги тарихий даврга жавоб бериши ҳамда мамлакатдаги демократик ўзгаришларини давом эттиришга имконият яратиши лозим.
Агар дунёдаги мамлакатлар конституциялари ривожланишига назар соладиган бўлсак, фақат XXI аср ўзида дунёнинг 90га яқин мамлакатларининг конституцияларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бундай конституцион ўзгаришлар мамлакатлардаги туб ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошланганлиги ва жамиятдаги ўзгаришлар даврига тўғри келганлиги боис халқ томонидан тўғри қабул қилинган. Чунки қоида тариқасида, конституцион ислоҳотлар жамиятнинг барча қатламларининг келишуви асосида ўтказиладиган жараёндир.
Ўзбекистон Конституцияси 1992 йилда қабул қилинган бўлсада, бугунги кунга қадар Қомусимизга бир неча маротаба ўзгартиришлар киритилди ва ушбу ўзгартиришлар Конституциямизни эволюциясига ўз ҳисасини қўшди, десак муболаға бўлмайди. 2021 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентига сайловларнинг сайловолди учрашувлар вақтида мамлакатимиз фуқаролари, сиёсий партия вакиллари ва кенг жамоатчилик вакиллари фикрлари асосида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатнинг Асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида ташаббуси билан чиқди. Таклифни илгари суриш билан биргаликда, Конституциянинг қайси моддалар ва бобларга янгилик киритилади деган саволга, мамлакатимиз Президенти томонидан тўққизта асосий йўналиш белгилаб берилганлиги диққатга сазовордир.
Авваломбор, бу сафарги конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистонда бугунгача ишлаган “давлат-жамият-инсон” тамойили энди “инсон-жамият-давлат” тамойилига ўзгариши натижасида барча ислоҳотларнинг замирида инсон манфаатларини таъминлаш вазифаси қўйилганлиги билан ажралиб туради.
Мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини оила эканлиги Конституциямизда мустаҳкамланганлиги Қомусимизни бошқа мамлакатлар конституцияларидан ўзига хослигини белгилаган. Лекин оилада катта авлод вакиллари ҳамда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, болалар меҳнатига йўл қўймаслик қоидалари, Янги Ўзбекистоннинг келажаги - ёшларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Конституцияга киритилиши оила ва ижтимоий давлат мақомларини мустаҳкамлашга олиб келади. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан конституцион норма сифатида “Янги Ўзбекистон-ижтимоий давлат” тамойили қабул қилиниши таклиф этилмоқда.
Ақлли, бахтли, шижоатли ёшларни тарбиялаш ва учинчи Ренессансга замин яратиш мақсадида мактабгача таълим муассасалар, умумтаълим мактаблар, олий таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституцион даражада мустаҳкамлаш ҳам бугунги кун талабидир.
Бугунги кунда инсониятнинг табиатга зарарли таъсири натижасида кўплаб экологик муаммолар вужудга келди. Шунинг учун Конституцияда ўз аксини топган инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар қаторига экологик ҳуқуқлари тўғрисида моддалар киритилиши табиийдир.
Албатта, мамлакатимизда конституцион ислоҳотларни ўтказиш баробарида хорижий мамлакатларда ўтказилган конституцион ислоҳотларни таҳлил қилиш ва тажрибасини ўрганиш кераклиги равшандир. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакат Конституцияси янгиланиши-халқимиз учун стратегик вазифа.
Ушбу вазифани бажаришда нафақат ҳуқуқшунослар, депутатлар, сенаторлар, сиёсатшунослар, илм аҳли ва ижодкорлар, балки Конституциямизни бугунги кун мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар асосида такомилллаштириш бўйича ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Шунда янгиланган Конституция халқимиз томонидан берилган минглаб таклифлар асосида чинакам халқчил Конституцияга айланиши даркор.

Нодира Джанибекова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+