Янгиликлар 1667
Коррупцияга қарши курашиш янги босқичда олиб борилади
2021 йил 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, корруцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида содир этилган, содир этилаётган ёҳуд тайёрланаётган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берганларнинг шахсига оид маълумотлар сир сақланишини кафолатловчи нормалар мавжуд эмаслиги амалиётда айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шундан келиб чиқиб соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳадаги нормалар билан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётганларнинг шахси сир сақланиши, ўзининг, шунингдек яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиляпти.
Мазкур қонун лойиҳасидаги нормалар жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг