Янгиликлар 2935
Маданият соҳаси учун муҳим ҳуқуқий асос
Президентимиз томонидан жорий йил 20 январь куни “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида” ги Қонун имзоланди. Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужжатда маданий фаолият ва унинг доирасида юритиладиган мақсад ва вазифалар, ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ ифодаланди. Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, маҳаллий ҳокимликларнинг маданий фаолият соҳасидаги ваколатлари ҳамда вазифалари аниқ ажратилган ҳолда белгиланди.
Қонуннинг “Асосий тушунчалар” номли бобида “ижодкор”, “ижодий жамоа”, “ижодий фаолият”, “маданий тадбирлар”, “маданий тадбир ташкилотчиси”, “маданият ходими” сингари тушунчаларга атрофлича юридик таъриф берилди. Маълумки, маданий фаолият соҳасида ўтказилган турли текширувлар жараёнида соҳа фаолиятига тегишли ходимларнинг меҳнат фаолиятини тўғри баҳолаш билан боғлиқ тушунмовчиликлар ва ноаниқликлар мавжуд бўлиб, соҳанинг аниқ мақсадларини белгилаш борасида қийинчиликлар юз берган. Эндиликда қонун билан белгилаб қўйилган ваколатлар таърифи маданий соҳага нисбатан ҳуқуқий муносабатнинг объективлашувини таъминлаб беришга хизмат қилади.
Маданий фаолиятда санъат соҳасининг кўплаб йўналишларини тўлиқ қамраш, уларнинг фаолиятини тўғри баҳолаш мақсадида соҳа мутахассисларининг маслаҳат органи бўлган тармоқ бадиий кенгашларини тузишга муҳтожлик мавжуд. Эндиликда тасарруфида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, маданият ташкилотлари томонидан театр, мусиқа ва концерт фаолияти, цирк санъати ва тасвирий санъат, архитектура ва дизайн бўйича тармоқ бадиий кенгашларини ташкил этиш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамланди. Тармоқларга оид бадиий кенгашлар таркибига, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакиллари кириши мумкин эканлиги тўғрисидаги қонуний норма киритилди.
Шунингдек, фуқаролар ва ижодкорларнинг маданий фаолият соҳасидаги мулк ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, ижод натижаларини олиб чиқиш ва олиб кириш ҳуқуқи, уларнинг ўзига хос хусусиятлари қонунда кўрсатиб қўйилди.
Мазкур Қонунда Маданият вазирлигига давлат-хусусий шерикчилик асосида ишларни жорий этиш масалалари ҳам кўтарилди. Маданият ва санъат муассасаларининг тадбиркорларга давлат-хусусий шерикчилик асосида берилиши бюджет ҳаражатларининг камайиши, янги иш ўринларининг яратилиши, маданий объектлар моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши, маданий хизмат кўрсатиш хизмати сифатининг ошишини таъминлашга замин яратади.
Қонунда оммавий-маданий тадбирлар тушунчасига аниқлик киритилган. Ушбу тадбирларни ўтказиш тартиби, ёнғин хавфсизлиги, тез тиббий ёрда кўрсатиш, тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш шартлари аниқ кўрсатиб берилган.
Маданий фаолият соҳасининг ўзига хос яна бир кўриниши — ижодий буюртмадир. Қонунчиликка илк бор киритилаётган ушбу тушунчага атрофлича юридик таъриф берилган бўлиб, ижодкорларнинг бу борадаги фаолияти буюртмачи билан тузилган шартнома асосида амалга оширилиши белгиланган. Шу билан бирга, ижодий буюртмани бажарганлик учун ижодий жамоаларга ёки ижодкорларга муаллифлик ҳақини тўлаш миқдори ва тартиби қонун билан белгилаб қўйилди.
Маданият марказлари, миллий маданий марказлар, театр, цирк, концерт ташкилотлари каби маданий ташкилотларнинг ҳар бирига таъриф берилиб, уларнинг бир-биридан фарқи, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда вазифалари, маданий фаолиятда, шу жумладан, репертуар танлашда мустақил экани кўрсатиб ўтилди.
Қонунда илк бора маданият муассасаларига ва ташкилотларга маданият ҳамда санъат соҳасида эришган ютуқлари учун “миллий” ёки “академик” мақомини бериш тартиби ҳам белгиланди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Миллий” ёки “Академик” мақоми берилиши мумкин.
Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларининг аттестацияси улар асосий фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш, моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг тузилмаларини тартибга солиш мақсадида уч йилда бир марта ўтказилиши қонун билан белгиланди.
Қонунда кўрсатилишига кўра, олис ва бориш қийин бўлган жойларда маданиятни ривожлантириш, маданият ташкилотларининг фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг эстетик эҳтиёжларини қаноатлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ишларга давлат томонидан устувор аҳамият берилади.
Халқ ижодиёти, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати, Ўзбекистон халқ ўйинлари жумласига кирувчи маданият объектлари қонун даражасида мустаҳкамланди.
Қонун билан фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг маданий фаолият соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Маданият ютуқларидан фойдаланиш ва жамиятнинг маданий ҳаётида иштирок этиш, ижодий жамоалар таркибида ёки мустақил равишда, касбий ёки нокасбий (ҳаваскорлик) асосда ижодий фаолият билан шуғулланиш, ўз эҳтиёжларига, манфаатлари ва қобилиятига (имкониятларига) мувофиқ маданий фаолият йўналишларини эркин танлаш, ўз мулкида турган маданий бойликларга қонунчиликда белгиланган тартибда эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш, маданий-оммавий тадбирлар жараёнида қонунчиликда тақиқланмаган турли рамзлардан ва ўз фикрини ошкора ифода этишнинг бошқа воситаларидан фойдаланиш кабилар шулар жумласидан.
Шу билан бирга, Қонун билан юртимизда яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг миллий маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш, ўз маданий ва тарихий муҳитини тиклаш ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Концерт-томоша фаолиятини амалга оширишга доир лицензия олишнинг талаб ва шартлари белгиланяпти.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонун соҳани тартибга солишга қаратилган ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этиш билан бирга, соҳадаги ҳуқуқий-норматив бўшлиқнинг бартараф этилишини таъминлайди. Шунингдек, маданият ташкилотлари юритаётган фаолият майдони кенгайиб, кўрсатилаётган хизмат сифати яхшиланади.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт
Фикрингизни қолдиринг