Маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлади

08.07.2024 19:07:45

2024 йил 8 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан янги таҳрирдаги Конституциядаги нормалардан келиб чиқиб, ҳоким ва Кенгаш раиси лавозимлари ажратилмоқда.

Лойиҳа билан киритилаётган ўзгартиришга кўра, маҳаллий Кенгашларга аввалгидек ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Шунингдек, ҳокимлар номзоди Кенгашларда кўриб чиқилаётганда улар ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий Кенгашларга тақдим этиши тартиби жорий этилмоқда. Маҳаллий Кенгашларга ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қоида тариқасида, 5 тагача (амалда 8 та) доимий комиссия тузиш ҳуқуқи белгиланмоқда.

Депутатларнинг фикрига кўра, қонун лойиҳасидаги энг муҳим янгилик бундан буён маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (э-қарор.гов.уз) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши шарт бўлиши билан боғлиқ.

Фракция аъзоси Иномжон Қудратовнинг қайд этишича, ушбу тизимдан рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланадиган бўлади. Бу нима дегани? Демак, маҳаллий ҳокимлик ҳам, маҳаллий вакиллик органи ҳам қабул қилинаётган қарорларнинг сифати ва самарадорлигига, холислиги ва адолатли эканлигига янада жиддий эътибор қаратишга мажбур бўлади. Шаффофлик ва очиқлик бор жойда ноқонуний қарорлар қабул қилинмайди, жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлик масъулияти кучли бўлади.

Йиғилишда қонун лойиҳаси юзасидан партия позицияси шакллантирилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+