Янгиликлар 2010
Масалалар долзарб, унинг ечими учун барча биргаликда ҳаракат қилиши керак
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева Бағдод туманида бўлиб, аҳоли мурожаатларини ўрганди.
Туман ҳокимлигининг депутатлар хонасида газ, электр тармоқлари туман бўлимлари, "Тоза ҳудуд" ДУК Бағдод филиали, туман кўмир омбори вакиллари олдида куз-қишга тайёргарлик масаласида пайдо бўлган муаммолар юзасидан муҳокама ўтказилди. Туман депутатлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари аҳоли номидан муаммоларни ўртага ташладилар. Масалалар долзарб, унинг ечими учун эса туман идоралари раҳбарлари, ҳокимлик ва депутатлар биргаликда ҳаракат қилиши керак.
Мутасадди ташкилот раҳбарларидан бажарилган ишларнинг 9 ойлик ҳисоботи, келгуси йил учун белгиланган режалар ҳақида сўралди.
Муҳокама давомида туманда мавжуд ГРЭСнинг тўлиқ қувватда газ билан таъминланишига эришиш, лозим бўлса жойини ўзгартириш, 10 минг квт қувватга эга электр подстанцияси қуриш, кўмирни тўғридан-тўғри Бағдод темир йўл станциясидан сотишни йўлга қўйиш зарурлиги юзасидан таклифлар берилди. Шунингдек, темир йўл ортида жойлашган "Дўстлик" МФЙни "Обод қишлоқ" дастурига киритиш каби масалалар муҳокама қилинди. Тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди. Депутатлик назорати ўрнатилди.
Халқ депутатлари Бағдод туман кенгаши котибияти мудирлигига "Миллий тикланиш" партиясида етакчилик қилган, фаол Дилнозахон Абдуқодирова муносиб кўрилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати котибият мудири билан суҳбатлашиб, келгуси фаолиятига омад тилади.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг