Менинг дунёимни тутган жажжи қўлчалар...

02.06.2021 12:06:02

Юрагим парчаси, қалбим малҳами, кўзимнинг нури, ҳаётим мазмуни – болажон!

Бу кун сенга дил изҳоримни, хавотиримни, умидимни, ишончимни билдиргим келди.

Бутун танамни зирқиратиб, қақшатиб сен келган кун – мендан бахтли инсон бўлмаган. Катта бўлганинг сайин катталашаётган муаммоларинг қалбимни ўртасада, бир сўзим кам, иккитаси ортиқча бўлган кезларда кўзларимни ёшлар ачитганида ҳам, ҳақиқатдан йироқ бўлсада, барчага сени мақтаб, ўз ёлғонларимдан қувониб яшаётган ҳам ўзимман.

Айнан шу хислатларинг билан менинг борлиғимсан. Умидимсан. Ишончимсан.

Фақат мендек бўлганингда фарзандларинг сенга ҳам “илтифот” кўрсата бошласа, мен каби сабрли бўла олармикансан, “ўтиб кетган”ида кўзингдан сизиб чиққан ёшни “қувонч ёшлари” деб айлантиришга маҳоратинг етармикан?!

Қуш уясида кўрганини қилади. Демак хавотирга ўрин йўқ. Сен албатта кучли, сабрли, зукко ва зийрак, фаросатли ва олийжаноб инсон бўласан. Мен шундай бўлишинг учун бир кун ҳам ҳаракатдан тўхтаганим йўқ.

...ҳануз кўз олдимда менга талпинаётган жажжи қўлчаларинг, бетоб бўлганимда менга ожиз боқиб турган жиққа ёш тўла кўзларинг, соғинганингда бағримга отилган митти юрагинг...

Азиз бошинг омон бўлсин, дилбандим!

Гулрух АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+