Миллат оналарининг манфаатини кўзлаб...

14.03.2022 09:03:44

Миллатни оналар тарбиялайди. Бунга далил-исбот шарт эмас. Бола доимо онанинг ёнида бўлади, демак, тарбия ва илм онадан бошланади.

Жадид боболаримиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий “Тараққий этган миллатни оналари ўқитар экан, биз аввал оналаримизни ўқитиб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илмсиз ва тилсизлигимиз улардандир. Туркистон болаларини илмсиз қўйманг” деган эди.

Бугунги ислоҳотларимиз, давлатимизнинг аёллар, қизлар таълим олиши, илмли бўлиши, тилларни ўрганиши учун яратиб бераётган шароитлари ана шу орзуларнинг ушалишидир.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилиниши учун топшириқлар берилди.

Айниқса, таълим тизимида хотин-қизлар учун бир қатор имкониятларнинг берилиши уларнинг таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишда жуда катта қўллаб-қувватлашдир. Булардан янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари давлат бюджетидан тўлаб берилиши илмий салоҳиятга эга ёшларнинг ортишига сабаб бўлади.

Эҳтиёжманд оилаларнинг, ота-онасини йўқотган қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши ҳам шу кунгача сайловчиларимиздан келаётган кўплаб мурожаатларга жавоб бўлди.

Бундан ташқари, 50 нафар қизларнинг хорижий олий ўқув юртларига бакалавр босқичига, 10 нафарининг эса магистратурага юборилиши ҳам миллат оналарининг келажакда хорижий тажрибаларни ўрганиб, олган билимларини ватанда қўллашига, бундай илмли аёлларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Яна докторантура учун йилига камида 300 та мақсадли квотанинг ажратилиши ҳам қувонарли янгиликдир.

Ўзим олий таълимда дарс берганман. Жуда кўп муаммо оилали талаба қизларнинг  дарс қолдириши билан боғлиқ бўларди. Вақти келганда талаба боласини ташлаб ўқига келишга имкон тополмай дарсга олиб келганда кўтариб турган пайтларим бўлган...Нечта қизларни дарсдан ўзим туғруқхонага юборишимга тўғри келган. Президентимизнинг ёш фарзанди бор талаба қизларга масофавий ўқишга шароит яратилиши ҳақидаги фикрлари ана шу йилларни кўз олдимга келтирди. Фарзанд тарбиялаётган аёлга ҳам эндиликда “дарс қолдирдинг, нб қўйдим”, “кеч қолдинг”, “отработка қил” деган ортиқча сунъий талабларнинг буткул йўқолишига ишондим.

Жорий қилинажак ушбу тартиблар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан байрам арафасида аёлларимизга энг яхши совға бўлди.

Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ бугун давлат бошқарув органларида аёллар сони ортиб бормоқда, илм, санъат фидойилари, турли соҳаларда меҳнат қилаётган аёллар муносиб қадрланмоқда.

Албатта миллат оналарининг илм олишлари учун давлат томонидан бўлаётган бундай эътибор юксалишимиз, дунёда муносиб ўринга эга бўлишимиз учун гаровдир. Она сути билан кирган илм абадий яшайди. Оналарни ўқитинг.

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+