Янгиликлар 1454
Миллий қонунчиликда ҳар бир сўзнинг ўз ўрни бор
Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида депутатлар қонун ташаббускори субъекти билан қонун матнида қўлланилган “курьер” ва “посилка” сўзлари ҳамда ушбу сўзлар ўрнида имкон қадар ўзбек адабий тилидаги муқобил сўзларини танлаш ва қўллаш масаласи бўйича ўзаро фикрлар алмашдилар.
Қонун лойиҳаси матнида “курьер” сўзи ҳамда “курьерлик алоқаси”, “курьерлик жўнатмаси”, “курьерлик жўнатмалари” сўз бирикмалари кўп учрайдиган атамалардан биридир. Қонун лойиҳасининг 3-моддасида “курьер” ва “посилка” сўзлари юристлингвистика талабларига мос равишда изоҳланган.
“Курьер” сўзи ўзбек адабий тилида, хусусан, иш юритиш услубида шошилинч топшириқларни тарқатувчи, дипломатик хат-хабар ва жўнатмаларини етказиб берувчи мансабдор шахс, шунингдек, муассасанинг расмий иш қоғозларини тегишли жойга тарқатувчи, олиб бориб берувчи ходим маъносини, “почта курьери” сўз бирикмаси мазкур қонуннинг асосий тушунчаси сифатида почта алоқаси операторининг ёки провайдерининг ходими ёхуд рўйхатга олинадиган почта ва (ёки) курьерлик жўнатмасини бевосита жўнатувчидан почта алоқаси объектларидан ташқарида олувчи ва (ёки) бундай почта ва (ёки) курьерлик жўнатмасини адресатга топширадиган, почта алоқаси оператори ёки провайдери билан шартномага эга бўлган жисмоний шахс маъносини, шунингдек, “курьерлик жўнатмалари” сўз бирикмаси почта курьери орқали амалга ошириладиган, жойланмалари ҳужжатлар ва (ёки) товардан иборат жўнатмалар маъносини англатади.
“Курьер”(currera) сўзининг этимологияси лотин тилига бориб тақалади. Ушбу сўз француз тилида (courier) ҳам учрайди. Ижтимоий, иқтисодий, маънавий тараққиёт натижасида, яъни XIX аср охири ва XX асрнинг бошларида “курьер” сўзи ўзбек адабий тилида ўзлашма сўз сифатида қабул қилинган. Ўзбек адабий тилининг ўзлашма қатламини ташкил этувчи ушбу ўзлашма сўз ўзбек тилига кириб келган давридаёқ нутқ услубларида “почтальон” сўзи билан параллель равишда қўлланилган.
“Почтальон” сўзи “курьер” сўзининг муқобили саналади. Бугунги кунда, яъни сўзлашув услубида “почтальон” (postillon) сўзи “курьер”(currera) сўзига нисбатан, шунингдек, иш юритиш услубида “курьер” сўзи “почтальон” сўзига нисбатан кенгроқ қўлланилади. “Почтальон” сўзи “курьер” сўзига нисбатан умумистеъмол хусусиятини касб этган.
“Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ўзбек адабий тилининг лексик имкониятлари ҳамда муқобил сўзларнинг лисоний-услубий жиҳатларини эътиборга олиб “почтальон” сўзи ўрнида “курьер” сўзини танлашга тўғри ёндашув тамойилига амал қилган. Шу нуқтаи назардан, биз ҳам қонун лойиҳасида “курьер” сўзини қолдиришни ҳамда муқобил сўз саналмиш “почтальон” сўзи билан алмаштирмаслик таклифини илгари сурдик. Қонун лойиҳасида “курьер” сўзи ўринли ва тўғри қўлланилган.
“Посылка” сўзининг этимологияси рус тилига бориб тақалади. Фонетик товуш ўзгариш ҳодисаси натижасида ўзбек адабий тилида “посилка” тарзида қабул қилинган. Мулоқот эҳтиёжига кўра сўзлашув ва иш юритиш услубларида қўлланиладиган сўзлардан бири ҳисобланади. Ушбу сўз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “ўраб, идишга жойлаб жўнатиладиган нарса” маъносида, шунингдек, қонун лойҳасининг 3-моддасида “белгиланган ўлчамдаги, оғирликдаги ва ўровдаги товар жойланмаси мавжуд бўлган, рўйхатга олинадиган почта жўнатмаси” маъносида қайд этишган. Нутқ услублари ва жонли тилда мулоқот жараёнида қўлланиб келинаётган “посилка” сўзини ҳам “курьер” сўзи каби қонун лойиҳаси матнида қолдириш мақсалга мувофиқ. Муқобил сўзлари билан алмаштиришга ҳеч қандай эҳтиёж ва заруратга ҳожат йўқ.
Таваккал ЧОРИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг