Янгиликлар 2161
Муҳим ташаббуснинг амалий ифодаси
Маълумки, Ўзбекистон халқаро муносабатлар соҳасида бирор бир ташаббусни илгари сурар экан, уни амалий саъй-ҳаракатлар орқали рўёбга чиқаришга ҳаракат қилиб келмоқда. Бундан 4 йил олдин - БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 6 та таклифнинг 5 таси амалиётда ўз ифодасини топганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқида мамлакатимизнинг ўндан ортиқ янги таклиф ва ташаббуслари илгари сурилган бўлиб, бугунги кунда уларни ҳаётга тўлиқ тадбиқ этиш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ушбу таклиф ва ташаббуслар ичида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи, шубҳасиз, алоҳида ўринга эга. Ушбу ташаббусга оид лойиҳа жорий йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилганлиги ва унинг аъзо мамлакатлар томонидан бир овоздан маъқулланганлиги мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги ўрнини ошириш борасида муҳим қадам ҳисобланади.
Мазкур ҳужжатга Ўзбекистондан ташқари дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат ҳаммуаллиф бўлгани, улар орасида Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Япония, Ҳиндистон, Миср каби нуфузли мамлакатлар ҳам борлиги Оролбўйи ҳудудидаги муаммога бефарқ бўлмаётган халқаро ҳамкорларимиз кўпайиб бораётганидан далолатдир.
Бош Ассамблея қабул қилган резолюцияда Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватланиши, Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантирилиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, резолюцияда Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланган. Барча манфаатдор томонлар қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказиш, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга даъват қилинган.
Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фонди таъсис этилганига юксак баҳо берилган бўлиб, бу ташаббусларнинг БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, Оролбўйи ҳудуди БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўлланиш ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, мазкур резолюция минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ҳамда улар томонидан амалга оширилаётган турли лойиҳаларини ўзаро тизимлаштиришга хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг