Мулоқот форуми: маслаҳатлар платформаси, трансформацион ўзгаришлар, оптимистик руҳият

09.08.2021 16:08:47

Халқимиз орасида азал-азалдан ўзаро мулоқотга ўзгача ёндошув мавжуд. Бир пиёла чой устида неча-неча муаммолар ўз ечимига эга бўлган, аразлар барҳам топиб, “ярашув ошлари” дамланган, янги режалар муҳокама қилинган.

Ҳар қандай мулоқотнинг замирида албатта бир ижобий ечим ётади. Фикрлар алмашинуви, қизғин баҳслар, амалий музокаралар, ўзаро маслаҳатлар натижасида кўпчиликнинг умумий дардига ҳаммани бирдек қониқтирадиган жавоб шаклланади. Агарда аёллар маслаҳатга йиғилса, шубҳасиз, давлатлар ва миллатлар манфаатига бирдек маъқул прогрессив, илғор ечимлар юзага келади.

Бунга куни кеча Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви билан параллель равишда бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқот форуми яққол мисолдир.

Ўзбекистоннинг бу каби нуфузли ва истиқболли мулоқотларда иштирокидан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақаси бўйлаб гендер масаласида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизни тақдим этиш ҳамда қардошлар билан ўзаро билим, фикр ва тажриба алмашишдир.

Зеро, аёл бор жамиятда, оилада, ижтимоий муҳитда тинчлик-тотувлик, осойишталик, эзгулик, тадбиркорлик, саранжом-саришталик, сабр-қаноат, меҳр-оқибат, инсонга хос моддий ва маънавий саҳоват мавжуд бўлади.

Бизнинг юртда хотин-қизларни эъзозлаш, бунинг учун зарурий ҳамма имкониятларни, шароитларни мавжуд қилиш масаласи давлат миқёсидаги устувор вазифалар даражасига олиб чиқилган бўлиб, хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жамият маънавий ва маданий ҳаётидаги обрў-эътибори ва нуфузининг янада оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари иштирокидаги мулоқотлар борасида Ўзбекистон ўзига хос тажриба тўплади. Жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти доирасида «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтган эди.

Бунда 400 дан зиёд Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон етакчи ва тадбиркор аёллари саноат, хизмат кўрсатиш, туризм, савдо, қишлоқ хўжалиги, амалий санъат, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишиб, Форумда барқарор ривожланиш соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган «Йўл харитаси»ни қабул қилишган эди.

Туркманистонда ташкиллаштирилган етакчи аёллар мулоқот форуми Марказий Осиё давлатлари томонидан гендер тенгликни таъминлаш бўйича сиёсатни амалга оширишда эришилган ютуқларни кўриб чиқиш, минтақавий ҳамкорликнинг турли соҳаларида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган бўлиб, унда давлатлар ўртасидаги гендер сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва аёлларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадбирда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг вакиллари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбоева, Туркманистон Миллий Генгеш Межлиси Раиси Гулшат Маммедова, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Раиси Айгул Куспан, Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Торағаси ўринбосари Аида Касималиева, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Хотин -қизлар ва оила масалалари қўмитаси Раиси Ҳилолби Қурбонзода ҳамда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталя Герман, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича Минтақавий бюроси раҳбари Миряна Сполярич Эггер иштирок этдилар.

Форум доирасида Мулоқот иштирокчилари томонидан ўз мамлакатларида хотин-қизларга яратилган шароитлар натижаси сарҳисоб қилинди. Жумладан, 2019 йилда Қирғизистон аёлларнинг маҳаллий сайловларда камида 30 фоиз мандатларини кафолатлайдиган қонун қабул қилган, шу туфайли аёллар 43 та маҳаллий кенгашларнинг раиси этиб сайланган. Маҳаллий ҳукумат раҳбариятидаги аёллар сони ҳам сезиларли даражада ошган.

Тожикистонда 2020 йилги парламент сайловлари натижаларига кўра, парламентнинг қуйи палатасида аёллар улуши 19 фоиздан 23,8 фоизгача, парламентнинг юқори палатасида эса 18,7 фоиздан 25,8 фоизгача ошган.

Форумда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева  Ўзбекистонда ҳукуматнинг юқори поғоналарида аёллар улуши даражаси 26,6 фоизга етганлиги ҳамда Ўзбекистонда давлат тузилмаларида ишлаш учун 15 минг нафар юқори малакали аёллардан иборат мустаҳкам кадрлар захираси шакллантирилганлигига алоҳида тўхталиб, мазкур мулоқотга Ўзбекистоннинг раислиги доирасида уни минтақадаги аёллар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги, юқори сифатли маслаҳатлар платформаси сифатида шакллантириш учун барча саъй-ҳаракатлар ишга солинишини таъкидлади.

Тадбир давомида “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартиби, 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартиби, Глобал мақсадларга эришиш учун ҳаракатлар ўн йиллигига Мулоқотнинг содиқлигини тасдиқлайдиган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари Форуми Декларацияси қабул қилинди. Шунингдек, ушбу ҳужжатда Марказий Осиёда аёлларнинг илмий, техник, ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини тўлиқ амалга оширишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, аёл ва қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш тарафдори бўлган мулоқотнинг нуқтаи назари қайд этилган.

Эътиборлиси, бу каби минтақавий форумларни мунтазам ташкиллаштириш прогрессив гендер сиёсатини амалга оширишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор тажриба алмашишга ёрдам беради.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш миллий стратегиясининг қабул қилинганлиги, давлатлар ўртасидаги гендер сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва аёлларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш бўйича билдирилган таклифлар бу борадаги трансформацион ўзгаришларга сабаб бўлиши айни ҳақиқатдир.

Зеро, аёлларнинг иқтисодий салоҳияти ва иқтисодий ҳамкорлигининг ривожланиши шубҳасиз минтақанинг ривожланиши, янги имкониятлар очилиши, барқарор тинчлик ва хавфсизликка ҳисса қўшишига ёрдам беради. Бунда ижобий тажриба билан бўлишиш, кўп томонлама ва икки томонлама форматдаги барча гендер муаммолари бўйича фаол мулоқот қилиш – бутун минтақа аёлларининг умумий манфаатларига жавоб беради.

Шу билан бирга, Форумда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Мулоқот иштирокчиларига Мурожаатномаси эшитилди. Мурожаатномада минтақадаги аёллар ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ушбу платформа фаолияти қўллаб-қувватланиши қайд этилган.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+