Янгиликлар 1441
Мутахассислиги бўйича 5 йил меҳнат стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинади
Бугунги глобаллашув жараёнлари, мафкуравий таҳдидлар кун сайин ортиб бораётган бир даврда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўйёбга чиқариш орқали уларни манан етук инсонлар қилиб вояга етказиш жамият олдида турган энг муҳим вазифадир.
Бундай жараёнда эса, фарзанд тарбиясига бевосита даҳлдор бўлган оналаримизнинг ўрни беқиёсдир. Бунда оила ва жамиятда ёшларни баркамол қилиб тарбиялашда уларнинг тарбиясига масъул бўлган хотин-қизларнинг маънавий бой дунёқарашга эга бўлиши алоҳида аҳмият касб этади. Шу боисдан, хотин-қизлар таълим олишини ҳар томонллама қўллаб-қуватлаш уларга таълимнинг ҳар бир босқичида зарур шарт-шароитни яратиб бериш муҳим саналади.
Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш даркор.
Яқинда қабул қилинган, “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади.
Жумладан, мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар ижара ҳуқуқи асосида ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилади.
Уй-жойга муҳтож хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳамда республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади. Хотин-қизларга ўз томорқасида гул ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Албатта, бу каби имтиёзларнинг берилиши минглаб ижтимоий муаммолар гирдобида яшаётган хотин-қизлар турмуши изга тушиб, оиласидаги фарзанд тарбияси билан бемалол шуғилланиш имкониятини яратиб беради.
Эндиликда, бундай тоифага кирувчи хотин-қизлар нафақат уй-жой билан таъминланади, шу билан бирга, ўз хонадонида имтиёзли кредит ва субсидиялар орқали ўз тадбиркорлигини бошлаш имкониятига эга бўлади. Яъни унда кундалик турмуш тарзидан манфаатдорлик ортиб, ўз оиласи келажаги учун фарзандлари тарбиясига кўпроқ вақт сарфлаши зарур эканлигини тушиниб етади.
Фармон билан хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларга хос бўлган касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида икки ой муддатда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган эҳтиёжманд 6 минг нафар хотин-қизлар, реабилитация воситалари билан таъминланишга муҳтож бўлган 10 минг нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизлар рўйхати шакллантирилади.
Биргина 2022 йилда 3 миллион нафар хотин-қизлар онкологик скринингдан ўтказилади. 2022-2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказларни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг 105 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар жалб қилинади. Барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибидаги “Онко-назорат” аёллар кўрик хоналари ташкил этилиб, зарурий тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий воситалар билан жиҳозланади.
Яна бир муҳим янгилик. Хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилади.
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари Давлат бюджетидан қоплаб берилади. Хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ҳамда давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.
Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Бир сўз билан айтганда, соҳада амалга оширилаётган ишлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Мавлуда АТХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг