Очиқлик-коррупциянинг душманидир

14.03.2022 16:03:49

Сўнги йилларда Давлатимиз раҳбари бошчилигида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг қўламли ва изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Албатта бу жараёнда парламент қўйи палатаси томонидан коррупцияни олдини олиш ва унга кескин қарши курашиш борасида ўз олдига стратегик режалар ишлаб чиқилган ва уларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор ишларни амалга оширилмоқда.

Мазкур вазифаларни амалга оширишда коррупция иллатини келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш масаласи   асосий эътибор марказидадир.

Таҳлиллар ва амалиёт натижалари давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги коррупцияга қарши курашишдаги муҳим ва ҳал қилувчи омиллиги эканлигини кўрсатмоқда. Очиқлик ва шаффолик йўқ жойда коррупция яхши ривожланса, аксинча очиқлик ва шаффолик бор жойда

ўз-ўзидан коррупциянинг илдизи қурийди. Тонг маънода очиқлик ва шаффолик коррупциянинг ашаддий душманидир.

Тан олишимиз керак, бу борада қонунчилигимиздаги “бўшлиқ”лар ва “оқ доғлар” борлиги сабаб, ушбу муаммога тизимли ёндошган ҳолда уни бартараф қилиш учун қонун ижодкорлиги жараёнини янги босқичга олиб чиқиш ва уни фаоллаштиришни тақозо қилади.

Масалан, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши назарда тутилган. Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик йўқ эди.

Қўмитамиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси юқорида қайд этилган муммони ҳал этишга қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилиш тартибига риоя этмаслик, маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки уларни очиқ маълумотлар порталига ҳамда расмий веб-сайтларга жойлаштиришнинг белгиланган муддатларига амал қилмаслик учун жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ваколати берилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ижобий баҳоланиб, биринчи ва иккинчи ўқишда маъқулланди.

Аминманки, мазкур қонун қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларни бажаришдаги масъулиятни янада оширишга ҳамда бу йўналишда коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

 

          Дилмурод ИСМАИЛОВ

Қонунчилик палатаси   депутати, 

Коррупцияга қарши курашиш ва   суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси 

 аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+