Орол дарди – бутун дунёнинг дарди

20.05.2021 16:05:49

Орол муаммоси бўйича ўтган асрда мамлакатимизнинг зиёлилари, асосан, ёзувчи-шоирлари бонг урган эди. Ўзбекистон мустақил бўлди, лекин Орол денгизининг дардига малҳам бўла олмадик.

Аммо охирги йилларда давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган бу муаммо нафақат биргина бизнинг, балки бутун жаҳон мамлакатларининг ҳам муаммоси эканлигини ақли соғлом, тафаккури теран ҳар бир инсон англаб етди. Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимиз Президентининг Бирлашган Миллатлар ташкилоти  75-сессиясида сўзлаган нутқида Орол муаммосини алоҳида тилга олиб таклифлар берганлиги жаҳон ҳамжамиятини беэътибор қўймади.

Жорий йилнинг 18 май куни Битрлашган Миллатилар ташкилоти Бош ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи йиғилишида Ўзбекистон республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган резолюция ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Имзоланган резолюцияда Оролбўйи ҳудудининг экологик инновациялар ва технологиялар региони деб эълон қилиниши билан ушбу масалада катта бир ўзгаришлар даврига қадам қўйилди.

Ушбу резолюция билан БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи ҳудудини экологик таназзул зонасидан экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлаши белгилаб қўйилди. Шунингдек, унинг амалга ошириладиган барча тадбирларни қўллаб-қувватлаши, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириши ҳам белгиланди. Ушбу ҳудудда олиб бориладиган ишларда Халқаро Оролни қутқариш фонди асосий муассаса сифатида  бўлиб қолади, унинг мақсадлари табиий ресурсларни асраш, ушбу ҳудуд аҳолисининг турмуш сифатини оширишдир. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси аъзо давлатлар, жамғармалар, БМТ тизими дастур ва муассасалари, халқаро молиявий институтлар ва бошқа мос манфаатдор томонларни Оролбўйи регионида экологик хавфсиз технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, барқарор иқтисодий ўсиш, энергия ва сув тежовчи технологияларни қўллашга чақиради.

Ўзбекистонда давлат сиёсати Оролбўйи минтақасида соғлом муҳит яратишга қаратилганлиги бутун жаҳон мамлакатлари томонидан эътироф этилиши ва давлатимиз раҳбарининг дунё ҳамжамияти олдига муҳим масалаларни кўтариб чиқиб, одил сиёсат олиб бораётгани ташқи сиёсатимизнинг жаҳонда тинчлик, ободлик ва халқпарварликка хизмат қилаётганини англатади.

Оролбўйи минтақаси  - ҳаммамизнинг умумий дардимиз. Зеро Ер шари ягона уйимиз экан, уни бутун бир танадай ҳис қилмоғимиз, қаерида бир дард пайдо бўлса, барчамиз баробар масъулликда уни даволашга киришмоғимиз даркор. Бу борада Ўзбекистоннинг ташаббуслари унинг дунё ҳамжамияти олдида обрўси ортиб бораётганини кўрсатади.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+