Янгиликлар 2254
Орол – экологик глобал муаммо
Кейинги йилларда жаҳон ҳамжамияти асосий эътибори сайёрамиз асл табиатини муҳофаза қилиш, мавжуд табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, глобал экологик муаммоларни бартараф этиш каби мураккаб, айни дамда муҳим масалаларга қаратилмоқда.
Бу борада мамлакатимизда ҳам табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, глобал экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилиб, кўплаб соҳаларда ижобий ўзгаришларга ҳам эришилмоқда.
Жаҳоннинг кўплаб нуфузли минбарларида сайёрамиз табиатини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, глобал экологик муаммоларни бартараф этишга оид Президентимиз томонидан берилган ўта муҳим таклифлар халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Хусусан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессияларида Президентимиз жаҳон ҳамжамиятини Орол денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш борасида халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуслари билан чиққан эди.
Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, 2021 йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида айнан ана шу ташаббус асосида ишлаб чиқилган муҳим ҳужжат - Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция кўриб чиқилди ва БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани, бу муаммо нафақат Ўзбекистоннинг балки жаҳон ҳамжамияти олдида турган ва ўта долзарб муаммо эканлигини яққол тасдиқлайди.
Бош Aссамблея қабул қилган резолюцияда қуйидаги муҳим масалаларга эътибор қаратилган.
Хусусан бундан кейин ҳам Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватланиб, Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантириш давом эттирилади.
Мазкур ҳужжат қабул қилингани аввало Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигини, барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллаш ўта муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Қабул қилинган мазкур тарихий ҳужжат минтақада нафақат экологик барқарорликни таъминлашга, балки ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади.
Абдуғани УМИРОВ.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат”СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг