Ўзбекистон — Корея Республикаси: мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланмоқда

24.12.2021 10:12:34

Азал-азалдан Ўзбекистон билан Жанубий Корея географик жиҳатдан бир-биридан узоқ, лекин кўнгли яқин, тинчлик ва тараққиёт йўлида мақсади муштарак давлатлар бўлиб келган. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар илдизи узоқ тарихга бориб тақалади.

Жумладан, икки мамлакат халқлари ўртасида Буюк ипак йўли даврларидан бошлаб ўзаро борди-келди алоқалари йўлга қўйилган. Хусусан, Самарқанддаги “Афросиёб” музейида сақланаётган деворий суратларда VII аср ўрталарида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Чосон элчисини қабул қилиш маросими акс эттирилгани бунга ёрқин мисолдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсат натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги вақт синовидан ўтган ишончли стратегик шериклик алоқалари олий даражадаги мулоқотлар ва муштарак интилишлар самарасида мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланмоқда.

Жумладан, 2017 йилнинг 22-25 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлган бўлса, 2019 йилнинг 18 апрель куни Корея Республикаси Президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Шунингдек, жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди.

Умуман олганда бу каби расмий учрашув ва мулоқотлар кўп қиррали Ўзбекистон-Корея муносабатлари, пандемияга қарамасдан, изчил ривожланишга, мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.

Қувонарлиси бу каби самимий ва дўстона мулоқотлар изчил давом эттирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Жанубий Корея Республикасида бўлиб, Сеул шаҳрида икки мамлакат халқлари учун манфаатли бўлган олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказди.

Жумладан, Сеул шаҳридаги “Чонг Ва Дэ” қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда, Ўзбекистон Президенти узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди. Икки мамлакат ҳамкорлиги глобал иқтисодиётнинг бугунги таҳдидларига тўлиқ жавоб бериши лозимлиги, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири эканлиги, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ошганлиги маълум қилинди.

Хусусан, бугунги кунда Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Жорий йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилган. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари кун тартибида турганини таъкидлади. Истиқболдаги барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларини шу асосий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг инсон капитали ва табиий ресурслари Корея Республикасининг истиқболли технологиялари ва билимлари билан бирлашса, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яхши замин яратиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш фондини (EDPF) жалб қилган ҳолда Тошкент вилоятида яримўтказгич ва электроника ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини ташкил этиш таклифи билдирилди. Унинг ҳудудида фан-таълим муассасалари, илғор технологиялар соҳасидаги тадқиқот ва ишланмалар марказларини жойлаштириш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Кореянинг рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “ақлли шаҳарлар”, аутсорсинг, алоқанинг янги авлоди ва интернет-технологиялар борасидаги ютуқларидан ўз амалиётида фойдаланишдан манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

Мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш, мактабгача ва олий таълим соҳаларида жиддий ҳамкорлик қилмоқда. Тиббиётда амалга оширилган илк йирик қўшма лойиҳа натижасида ўтган йилдан буён Тошкент шаҳрида Болалар кўп тармоқли клиникаси фаолият юритмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим соҳасидаги ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳам бугун ўз натижасини кўрсатмоқда. Умуман олганда таълимнинг барча соҳасида Корея таълим модели дунёдаги энг намунали тажрибалардан бири ҳисобланади. Шу боисдан, келгуси йилда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумини ўтказишни таклифи илгари сурилди.

Келгуси йилда мамлакатларимиз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллиги кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди.

Хулоса қилиб айтганда, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги бундай дўстона мулоқот учрашувларининг доимий тарзда ўтказиб келиниши, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига чиқишида муҳим аҳамиятга эга.

 

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+