Янгиликлар 1770
Ўзбекистон маданий мероси ЮНЕСКО эътиборида
Куни кеча Ўзбекистон маданияти учун улкан аҳамиятга молик воқелик юз берди. Сабаби, 16 декабрь куни ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси томонидан Бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани ҳақида хабар келди. Ушбу хушхабар юртимиз маданияти ва санъатига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизни қувонтирди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бахшичилик санъати намояндалари ва мухлисларига ўз табригини йўллади.
Бу воқелик, албатта, жаҳон ҳамжамиятининг бахшичилик санъатига кўрсатган юксак ҳурмати ва эътиборидан далолат беради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат борасидаги жонкуярлиги, ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида олиб бораётган одилона сиёсати туфайли ўзбек мусиқа мероси бўлмиш бахшичилик санъати ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Сўнгги йилларда қабул қилинган Президент фармонлари ва қарорлари соҳа ривожига янги нафас, янги ҳаёт бахш этди. Жумладан, юртимизда ЮНЕСКО шафелигида ҳар икки йилда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш яхши анъанага айланди. 2019 йил апрель ойида Термиз шаҳрида ўтказилган биринчи ва жорий йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида ташкил этилган иккинчи халқаро фестиваль минтақа ва дунё ҳамжамияти маданий доираларининг катта қизиқишига сабаб бўлди.
Президентимизнинг ташаббуси билан бахшичилик санъати ривожига катта имкониятлар яратилар экан, ушбу соҳанинг келажакдаги изчил фаолиятини таъминлаш чоралари кўрилди. Бу мақсадда юртимизда Ю.Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиб, унда айнан бахшичилик санъати йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш ўқув ишлари йўлга қўйилди.
Мазкур олий таълим муассасасида бугунги кунда Хоразм бахшичилик йўллари бўйича Ўзбекистон халқ бахшиси Отахон Матёқубов, “Шуҳрат” медали совриндори Расулбек Абдураҳмонов, қорақалпоқ бахшичилик йўллари бўйича Рашид Уснатов, Зинатдин Нуратдинов, сурхондарё бахшичилик йўллари бўйича Зафар Хайитов каби бахши усталар ёшларга сабоқ бермоқда. Ушбу институтда қадимий санъатимизнинг мазмун-моҳиятини ва заковатини ёшларга сингдириш мақсадида ижодий муҳит яратилган бўлиб, бахшичилик санъати ривожланган ҳудудлардан санъат усталарининг ташрифи, маҳорат дарслари, ёшлар билан яқиндан суҳбат ва мунозаралар қуриши учун кенг шароит яратилган.
Шу билан бирга, ёш бахшилар пухта билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун бошқа амалий ва назарий дарслар туркуми ҳам ўқитиладики, бу ҳол бахшиларнинг кенг тафаккур ва дунёқарашга эга бўлишига хизмат қилади.
Ўз ўрнида, мазкур олий таълим муассасасини тамомлаган ёшлар келажакда ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактаблари, бахшичилик санъати марказларига йўлланма олиб, ўз фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу соҳанинг ҳудудлардаги ривожланишига хизмат қиладилар.
Шунингдек, институтда бугунги кунда қатор санъатшунос-тадқиқотчилар томонидан бахшичилик санъати масалалари юзасидан илмий диссертациялар тайёрланмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда бахшичилик санъати усталарига катта эътибор қаратилди. Мамлакатимизда самарали фаолият олиб бораётган 250 нафардан ортиқ соҳа вакиллари орасида 25 нафарга яқини “Ўзбекистон халқ бахшиси” ва “Қорақалпоғистон халқ бахшиси” унвонлари, 1 нафари “Дўстлик ордени”, 11 нафари “Шуҳрат” медали, 7 нафари “Ниҳол” мукофоти, 2 нафари “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
“Биз бу ноёб маданий меросни асраш, ривожлантириш ва оммалаштириш, жумладан, бахшиларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятларни сафарбар этамиз”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бахшичилик санъати намояндалари ва мухлисларига йўллаган табригида.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш масаласини кўтарар экан, бу йўлда, энг аввало, маданий меросимизни улуғлаш, миллий анъаналаримизни давом эттиришга эътибор қаратди.
Бир сўз билан айтганда, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кўп асрлик тарихга эга маданий меросимизни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, қолаверса, дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш имконини беради.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг