Янгиликлар 1202
Қонун лойиҳаси билан қандай ўзгаришлар бўляпти?
2021 йил йил 28 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда амалиётда қонунчиликда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини давлатнинг мажбурлов кучини сафарбар қилмаган ҳолда ижро қилишнинг муқобил ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шундан келиб чиқиб, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга 7 та тоифадаги суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатларининг ихтиёрий ижросини таъминлаш чораларини кўриш, ушбу чоралар натижасиз бўлган тақдирда охирги чора сифатида мажбурий ижро органларига мурожаат қилиш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик ҳаракатини маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 16-моддасига тегишли қўшимча киритилиб, ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан ижро тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилиши, давлатнинг мажбурлов кучини охирги чора сифатида қўллаш, тегишли рағбатлантириш ва ҳуқуқий таъсир чоралари орқали фуқаролар ҳамда юридик шахсларда суд қарорларини мажбурлов чораларисиз бажариш маданияти шаклланиши учун зарур шароитлар яратилишига хизмат қилади. Шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросининг самарадорлиги янада оширилишига олиб келади.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг