Қонун лойиҳаси умумэътироф этилган нормалар билан бойитилган

22.09.2021 15:09:31

2021 йил йил 22 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари томонидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, лойиҳа билан Маъмурий тартиб-таомиллар принциплари хорижий экспертларнинг изоҳлари ва замонавий маъмурий ҳуқуқ ютуқларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ва аниқ баён этиляпти. Хусусан, қонунларнинг тўғридан-тўғри амалга оширилишини таъминловчи муҳим элементлар билан мазмунан бойитилган. Мутаносиблик тамойили дунёда умумэътироф этилган герман ҳуқуқи стандартларига мувофиқ ифода қилинмоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида шаклланган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида янги принциплар ҳам лойиҳада ўз аксини топяпти.

Шунингдек, ўзбошимчаликни тақиқлаш, ҳуқуқни суистеъмол қилиш, ҳуқуқни қўллашни рад қилишга йўл қўйилмаслик каби тамойиллар ўтиш даври принциплари бўлиб, айнан бизнинг интитуционал шароитларда уларнинг мавжуд бўлиши жуда зарур ҳисобланади. Маъмурий тартиб-таомиллар принциплари бузилишининг ҳуқуқий оқибатлари анча такомиллаштирилган ҳолда ёритилди, жумладан, ушбу ҳолатда маъмурий ҳужжат ноқонуний деб топилиши лозим, лекин бекор қилиниши мажбурий эмас.

Таклиф этилаётган лойиҳа орқали маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий институтлари, хусусан тегишли тарзда хабардор қилиш, манфаатдор шахсларни тинглаш, маъмурий ҳужжат, маъмурий шикоят қилиш ва мамурий ҳужжатни ижро қилиш кабилар такомиллаштирилмоқда.

Шунингдек, депутатлар томонидан бугунги кун амалиётидан келиб чиқиб маъмурий шикоят бўйича иш юритишда мажбурий тарзда судгача шикоят қилиш тартибини киритиш таклиф қилинди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+