Қонунлар – жамиятдаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши керак

10.12.2021 10:12:10

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 29 йиллик байрами муносабати билан Президентимизнинг халқимизга йўллаган байрам табриги мазмун-моҳияти, ундан келиб чиққан ҳолда белгиланган вазифалар хусусида сўз борди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари табригида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам худди прокурор протести каби тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилгани айтиб ўтилди. Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тиклангани таъкидланди.

Шунингдек, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш каби муҳим таклифлар илгари сурилди.

Йиғилишда Президентимиз табригида кўтарилган таклифларни амалиётда ўз аксини топиши учун “Адолат” СДП фракцияси олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Бунда асосий қонунимизнинг янги лойиҳасини тайёрлаш, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Йиғилишда кейинги масала “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши, ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар лойиҳада ўз аксини топаётган компенсация берилишининг аниқ тартиби ва муддатлари бўйича янги қоидалар, компенсация берилганидан сўнг кучмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилаётгани фуқароларга қулайлик туғдиришини эътироф этган ҳолда, қонун лойиҳасини маъқуллади.

Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+