Қонунларни қабул қилишда бир томонлама ёндашув адолатсизлик ҳисобланади

16.08.2021 14:08:13

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги 2021 йил йил 10 август куни бўлиб ўтган йиғилишида айрим қонун лойиҳалари танқидий кўриб чиқилди.

Хусусан, фракция йиғилишида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қатор эътирозларига сабаб бўлди.

Қонун лойиҳа билан ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда бошқа ҳокимият вакилларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

Жумладан, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш белгиланмоқда.

Фракция депутатлари лойиҳанинг зарурлигини инкор этмаган ҳолда айрим танқидий фикрларни айтиб ўтишди.

Қодир ЖЎРАЕВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Ушбу қонун лойиҳаси бўйича аввал ҳам қўмитага ўз хавотирларимни билдирган эдим. Назаримда лойиҳани қабул қилиш ҳали вақт бор деб ўйлайман. Тўғри, қонун лойиҳаси албатта керак. Чунки бошқа хорижий мамлакатлар тажрибасида ҳам ички ишлар ходимларининг қонуний таълабларига бўйсунмаслик учун жавобгарлик анча юқори. Аммо, умуман олиб қараганда республикамизда ички ишлар органи ходимлари ҳатти-ҳаракатидан келиб чиқсак бу лойиҳани қабул қилиш бироз эрта деб ўйлайман. Тўғри ижобий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Лекин, бугунги кунда ички ишлар тизимидаги ислоҳатлар ўз ниҳоясига етмаган. Барчангизга маълум ижтимоий тармоқлар орқали ички ишлар ходимларининг ҳати-ҳаракати билан боғлиқ салбий ҳолатларни кузатиб боряпмиз. Жумладан, алоқа воситалари орқали берилган буйруқ асосида қонун бузулишларини айтасизми, Навоий ва Тошкент вилоятидаги воқеаларни оласизми, Спарк машинасидан чиққан техника тузатиш эҳтиёт қисмини совуқ қурол деб баҳоланиши бу тизимдаги муайян камчилик ва муаммолардан далолатдир. Бундай ҳолатда мазкур қонуннни қабул қилиш бу тескари натижаларни бериши мумкин. Аввало ички ишлар тизимига адашиб келиб қолган ва ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалагандан кейин қабул қилсак мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Шухрат ПОЛВАНОВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Бугун биз мазкур қонун лойиҳаси билан бир тарафнинг жавобгарлигини кучайтиришни ўйлаяпмиз. Яъни, ҳокимият вакилининг жавобгарлиги нима бўлади. Биз фуқароларни кўплаб соҳада жавобгарликларини ошириб уларни норози кайфиятини кучайтириб юбормаяпмизми, уларни ҳам таклифларини ўйлаб кўришимиз керак эмасми? Тўғри ривожланган давлатларда полиция ходимининг “тўхта” деган буйруғига бўйсунмаса отиб ташлашга хақли лекин бу ўша фуқародан келаётган хавф билан тенг бўлиши зарур. Агар ноқонуний отиб қўйилса давлат унга жуда катта миқдорда товон пули тўлашга мажбур бўлиб қолади. Шу нуқтаи назардан икки тараф яъни фуқаро ҳам ҳокимият вакили ҳам ёндашувда ўз маъсулиятини ҳис эта олади. Биз ҳозир қаршилик кўрсатган тарафни жавобгарлигини оширишни ўйлаяпмиз лекин ноқонуний ҳаракат қилган ички ишлар ходими жавобгарлиги қаерда қолади?

Мана юқорида мамлакатимизда ички ишлар ходимлари иштирокидаги айрим нохуш ҳолатлар айтиб ўтилди. Юз берган ҳолат бўйича тизимдаги масъулларнинг асосли изоҳи ёки баёнотини кўрмадикку! Агар фуқаро ноқонуний харакат қилса бир кунда жазолаб, телевиденияга олиб чиқилиб узр сўратиляптику. Нима учун мансаби доирасидан четга чиққан ёки суистеъмол қилган мансабдорга нега чора кўрилмаслиги керак? Ижтимоий адолат тамойиллари қаерда қолмоқда?

Шулардан келиб чиқиб фракция депутатлари қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишига олиб чиқишда фракцияда кўтарилган масалаларни яна бир бор ишчи гуруҳи билан ўрганиб чиқиши, белгиланаётган жавобгарлик масалалрида икки томон манфаатлари тенг бўлиши каби таклифларни айтиб ўтишди.

 

 

Нигора КАМОЛОВА,

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+