Қўшилган қиймати солиғи. Имтиёзлар муддати узайтирилмоқда.

17.01.2022 10:01:33

 

Маълумки 2021 йил апрель ойида маъқулланган Қонун билан 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Республикамиз ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш ҳамда ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилинган эди.

Шунингдек 2021 йил октябрь ойида маъқулланган Қонунга мувофиқ 2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, пандемия инқирози даврида, ўз вақтида кўрилган бу чора-тадбирлар натижасида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ўсиб кетиши олди олинди ҳамда аҳолининг ушбу товарларга бўлган катта эҳтиёжини барқарор равишда қондиришга эришилди.

Ҳали ҳануз давом этаётган пандемия шароитида аксарият чет давлатларда ва бизга ҳамкор давлатларда ҳам бугунги кунга келиб озиқ-овқат хавфсизлиги ва тақчиллигини олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўрилаётгани бу имтиёзларни муддатини узайтириш зарурати борлигини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳасида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида берилган юқоридаги имтиёзларни яна 4 ойга, яъни 2022 йил 30 апрелга қадар узайтириш белгиланмоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январ-март ойларида ўсимлик ёғининг ўртача нархи 14,5-15 минг сўм атрофида эди. 2021 йил апрел-май ойларида эса нархларнинг ошиши кузатилиб, ўртача нархлар 18-19 минг сўмни ташкил этди. Имтиёзлар берилганидан кейин нахларнинг ўсиш суръати секинлашиб, бир меъёрда 18,5 минг сўм атрофида сақланиб қолмоқда.

Шунингдек қорамол гўштининг ўртача нархлари 2021 йилнинг январ ойларида 59 минг сўмдан, октябр ойларига келиб 65-68 минг сўмгача кўтарилди ва имтиёзлар берилиши натижасида нархлар 70 минг атрофида сақланиб қолинмоқда.

Айни вақтда қабул қилинган бундай чоралар энг зарур озиқ овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга ҳамда аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш қобилятини оширишга имкон бериши билан аҳамиятлидир.

Абдуғани УМИРОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+