Сайлов қонунчилигини демократлаштириш йўлида

27.01.2021 21:01:30

Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш ва уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида қонун лойиҳаси парламентга тақдим қилинди. Қонун лойиҳасига мувофиқ, халқ депутатлари туман(шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман(шаҳар) сайлов  комиссияларига ўтказилиши назарда тутилмоқда. Қонунчиликдаги мазкур ўзгариш натижасида, 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739та округ сайлов комиссиялари тугатилади ва  оптимизация  ҳисобига давлат бюджетининг 33,2 млрд сўм маблағ иқтисод қилинади.

Ўтган сайловларда хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари фақат дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида турсагина овоз бериш ҳуқуқига эга эдилар. Янги киритилаётган ўзгаришга асосан чет давлатларда ишлаётган ёки яшаётган фуқаролар консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритилиб, кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Ўтган даврдаги ўтказилган сайловлар шуни кўрсатдики, декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келганлиги сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Маълумки, сайловлардан кейинги  ўтказилиши лозим бўладиган сиёсий тадбирлар ҳам табиий равишда кечиктирилади. Парламент биринчи мажлисини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси янги йилнинг биринчи чораги оҳирига қадар чўзилишига олиб келиши эса Давлат дастурини қабул қилиш муддати ҳамда бошқа зарур ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, вақтида ўтказилмаган тадбирлар мамлакат иқтисодиёти ривожланишига, аҳолисининг турмуш тарзига ҳам ўз салбий таъсирини ўтказади.

Сайлов қонунчилигига таклиф қилинаётган ўзгаришлар сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминлашга хизмат қилади.

 

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП  фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+