Янгиликлар 2239
Санитария қоидаларига амал қилмаслик аянчли оқибатларга олиб келади
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар орасида рационал овқатланиш муҳим ўрин тутади. Ушбу муассасаларда болаларни овқатланиш жараёнини ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши натижасида улар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етади.
Овқатланиш сифатинининг ёмонлашиши бола организмининг ҳимоя - адаптив механизмлар даражасининг пасайишига ва аллергик реакцияларнинг пайдо бўлишига олиб келиш баробарида, овқат ҳазм қилиш органлари касалликларининг ривожланишига сабаб бўлади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар тарбияланувчилари овқатдан заҳарлангани тўғрисидаги хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тарбияланувчилар “ботулизм” касаллигига чалингани гумон қилинмоқда. Ҳозирда болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлили ўтказилаётир.
Фикримча, бу каби ҳолатлар юзага келишига бир қатор сабаблар мавжуд. Улар қаторига мактабгача таълим ташкилотларига сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, маҳсулотларни ёзнинг иссиқ кунларида сақлаш, тайёрлаш каби жараёнларнинг бирида эътиборсизликни келтириб ўтиш мумкин.
Мамлакатимизда бу каби муаммоларни олдини олиш бўйича МТТда аутсорсинг усулида соғлом овқатланишни ташкил этиш йўлга қўйилган бўлиб, аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ, шарт-шароитларда амалга оширилиши талаб этилади. Лекин жараёнда санитария қоидаларига амал қилмаслик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бундай ҳолатни юзага келишининг яна бир сабаби мактабгача таълим ташкилотларида коррупция ҳолатлари тўлиқ бартараф этилмаганлиги сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шу боис, МТТда ташқи аудит ташкилотлари томонидан тўлиқ текширилиши ва текшириш юзасидан маълумотлар кенг жамоатчилик оммасига тақдим этилиши лозим.
Шу билан бирга, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун болаларни соғлом овқатлантириш бўйича ўтказиладиган танловларни очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш даркор. Ўз навбатида, ушбу муассасаларда овқатланиш ва таълим-тарбия бериш жараёни доимий равишда кузатув кенгашлари, ота-оналар, депутатлар назорати остида бўлиши керак.
Умид қиламанки, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари тез кунларда соғайиб, ота-оналари бағрига қайтади. Келгусида юртимиз мактабгача таълим ташкилотларида бу каби ҳолатлар юз бермайди.
Мухаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг