ШҲТ фаолиятини янада ривожлантиришга оид таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди

24.09.2021 12:09:07

Мана йигирма йилдирки, ШҲТга аъзо давлатлар томонидан сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда йўлга қўйилган кенг кўламли алоқалар аъзо давлатлар ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Ўтган ҳафтада Душанбе шаҳрида ушбу нуфузли ташкилотнинг 20 йиллик юблейига бағишланган  навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда барча аъзо давлатлар раҳбарлари сингари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб ШҲТнинг фаолиятини янада ривожлантиришга оид бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунёда ва минтақада кескинлик ортиб бораётганлиги, пандемиянинг салбий оқибатлари сақланиб қолаётганлиги ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар жипслигини янада ошириш мақсадида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Хусусан, ШҲТнинг очиқлигини, учинчи давлатлар ва бошқа ташкилотларга қарши қаратилмаганлигини сақлаб қолиш, умумий хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва биргаликда чора кўриш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш, ШҲТ маконида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, келгуси беш йилга мўлжалланган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича комплекс дастур тайёрлаш, ШҲТнинг минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, ШҲТ саноат кооперацияси дастурининг қабул қилинишини жадаллаштириш каби муҳим йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш масаласи ҳам илгари сурилди.

Ушбу ташаббусларнинг ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида келгусида ШҲТнинг Транспорт боғлиқлиги янада ривожлантирилиб, транзит салоҳиятининг тўлиқ ишга солинишига ҳамда “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” коридорлар тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, ШҲТ маконида инфратузилмавий ривожланиш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқилиб, унда энергетика, коммуникациялар, “яшил” тараққиёт соҳаларидаги трансчегаравий лойиҳалар амалга оширилади.

Шунингдек, кун тартибидаги энг муҳим масалалар қаторида камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббус ҳам илгари сурилди. Барчага маълумки пандемия даврида иқтисоий ривожланиш босқичига ўтган мамлакатларда ҳам аҳолини ўз вақтида узлуксиз сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Шу боисдан давлатимиз раҳбари ташкилотга аъзо давлатлар келгуси фаолиятида бундай муаммоларга дуч келмаслиги учун вазирлар учрашувлари ва экспертлар маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиб бориш механизмини жорий этиш масаласини илгари сурди.

Тадбир доирасида Давлатимиз раҳбари минтақа давлатлари тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган Афғонистондаги вазият бўйича ҳам ўз қарашларини билдириб, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган таклифларини айтиб ўтди. Жумладан, мамлакатда янги воқелик рўй бериб, ҳокимият тепасига янги кучлар келганлиги, бу – амалга ошиб бўлган факт эканлигини таъкидлади. Шу боисдан, Афғонистондаги вазиятга, шунингдек, мамлакатнинг янги ҳокимияти билан мулоқотни ривожлантиришга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур эканлигини таъкидлади.

Хусусан, давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан кенг сиёсий вакилликка эришиш, минтақада экстремизмнинг кўпайишига ва радикал мафкура экспортига, Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга қарши бузғунчи ҳаракатлар учун фойдаланилишига йўл қўймаслик, инсоннинг, шу жумладан хотин-қизлар ва миллий озчиликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, кенг кўламли гуманитар инқироз, қочоқлар оқимининг ўсишининг олдини олиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ушбу мамлакатга кўмакни давом эттириш кабилар шулар жумласидандир.

Бундай саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ушбу мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш масалаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида “ШҲТ – Афғонистон” форматида, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларни жалб қилган ҳолда юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди. Биринчи шундай учрашувни Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Умуман олганда ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида илгари сурилган ташаббус ва таклифларнинг ташкилотнинг келгуси фаолиятига тадбиқ этилиши, аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар аълоқалар кенгайиб, фуқароларнинг турмуш фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилади.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+