Сифатли таълим-тарбия — барқарор ривожланиш асоси

08.11.2021 15:11:08

Куни кеча юртимизда улкан воқелик, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиши муносабати билан тантанали маросимга бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу маросимда янги сайланган давлат раҳбари нутқ сўзлади. Ушбу нутқ давлатимизнинг кейинги ривожланиш даври истиқболини белгилаб берувчи улкан режаларнинг таҳлилига бағишланди. Бунда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурди. Ушбу стратегия мамлакатимиз ривожланишининг турли соҳаларини ўз ичига олган бўлиб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида қурилган.

Ушбу дастурнинг тўртинчи йўналиши адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласини ўз ичига олган.

Маълумки, юртимиз қадим замонлардан бошлаб ўзининг илму-фан соҳасидаги ютуқлари билан жаҳон тамаддунининг ривожига улкан ҳисса қўшиб келган. Биринчи ва иккинчи Ренессанс даври айнан мамлакатда бошқарув тизимининг изчиллиги ҳамда илм аҳлига кўрсатилган алоҳида эътибор туфайли юзага келган.

Давлатимиз раҳбари юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғоясини илгари сурган даврнинг ўзидаёқ илм-фан, таълим-тарбияга алоҳида урғу берган эди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлиларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу соҳанинг янада самарали ишлаши учун биринчи навбатда педагогларнинг ойлик маошини минг долларга етказиш масаласи ўртага ташланди. Дарҳақиқат, педагогларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш иш самарадорлигини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир. Зеро, ҳар бир педагог ёш авлодга таълим-тарбия бериши учун кўнгли тўқ, ҳаёти тўкис бўлиши катта аҳамият касб этади. Шу билан бирга, педагогнинг том маънода олий тоифали бўлиши, авваламбор, жамиятда унинг учун яратилган қулай шарт-шароитга ҳам боғлиқ, албатта. Шу боис ҳам, давлатимиз раҳбари ўз нутқида етук кадрни ўзимиз тарбияламасак, ҳеч ким уни бизга тайёрлаб бермаслигини кўп бора таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари таълим-тарбияга тўхталар экан тизимда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнини янада жадаллаштиришга алоҳида урғу берди. Бу борада боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш масаласи кўтарилди. Юртимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, барча боғчаларни ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш вазифаси белгиланди. Бунда мактабгача таълим муассасаларида ишлайдиган ходимларнинг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш мақсадида тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакасини ошириш масаласи алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар, хусусан, таълим олиш ёшидаги йигит-қизлар ташкил этади. Уларнинг ҳар бири ўзининг таълим олиш ҳуқуқидан тўлақонли фойдалана олиши ҳамда сифатли таълим олиши учун бугунги кунда соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш сифатини янги педагогик технологиялар билан бойитиш, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш вазифасини белгилаб берди.

Ушбу дастур нафақат ёш авлодни ўқитиш, балки, аҳолининг таълим олишга бўлган эҳтиёжини муносиб равишда ҳал этишга қаратилган вазифаларни ҳам ўз ичига олади. Бунда мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказиш, мактабларда таълим-тарбия сифати ва даражасини ошириш асосий вазифа сифатида ўз ифодасини топади.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим соҳасида улкан ишлар амалга ошди. Янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, ҳорижий нуфузли университетларнинг филиаллари барпо этилиши, таълим квоталарининг оширилиши, шу билан бирга, олий таълимни ишлаб-чиқариш билан боғлаш борасида қилинган ишларнинг салмоғи жуда катта. Шу билан бир қаторда, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича бошланган ишлар ҳам ўзининг жадал равишда давом этишини кутмоқда.

Давлатимиз раҳбари инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласига тўхталар экан, Янги Ўзбекистонни эски усуллар билан барпо этиб бўмаслигини, бунинг учун янги ғоя, азму шижоат зарур эканини қайта-қайта таъкидлаб, инсонларни уйғоқликка чақирди.

Биз — халқ вакиллари ҳам юрт равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган вазифалар ижросини таъминлашда бор кучимиз билан фаолият олиб борамиз.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+