Янгиликлар 3076
СУВ ҲАЁТ МАНБАИ
Халқимизда “Ер – хазина, сув – гавҳар” деган нақл мавжуд. Дарҳақиқат, сув нафақат кундалик ҳаётимизда мавжуд бўлган эҳтиёжларни қондиришга, балки меҳнаткаш деҳқонларимиз, боғбонларимиз, чорвадорларимиз ва бошқа ҳунарларни чуқур эгаллаган тадбиркор халқимизнинг келажак ҳаётини таъминлаш учун хизмат қиладиган олий неъматлардан биридир.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 29 декабрь кунги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган навбатдаги Мурожаатнмасида мамлакатимизда якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар натижасига тўхталиб ўтиш билан бир қаторда, халқимиз учун долзарб бўлган сув таъминоти муаммосини босқичма-босқич ечиш масаласи 2021 йилнинг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Ўз навбатида, якунланаётган йилда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилган. Натижада, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73 фоизга етган.
Шунга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда вилоят бўйича аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 50 фоизни, шу жумладан Ғузорда 2,4 фоизни ташкил этганлигини таъкидлаб ўтган эдилар.
Натижада, ушбу кенгайтирилган йиғилиш баёни билан 2021 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилашга ажратилган лимит маблағларга қўшимча равишда 200 млрд. сўм маблағ ажратиш белгиланди.
Ушбу маблағ доирасида Ғузор туманига келувчи диаметри 800 мм бўлган 0,6 км магистрал қувур ва “Батош” насос станциясини реконструкция қилиш, Янгиобод сув тарқатиш шаҳобчасини “Батош” насос станциясигача 4,5 км, туман марказигача 6 км ва 16 км ички ичимлик сув тармоқларини қуриш вазифа сифатида белгиланди.
Юқоридаги топшириқларни амалга ошириш орқали Ғузор туманида ичимлик сув таъминотини босқичма-босқич (1-босқичда 60 фоиз, 2-босқичда 80 фоиз, 3-босқичда 100 фоиз) яхшилаш режалаштирилди.
Ўз навбатида, Ғузор сайлов округи депутати сифатида шуни таъкидлашим жоизки, мамлакатимиз Раҳбари томонидан аҳолининг мушкулини енгил қилишга қаратилган муҳим вазифаларни амалга ошириш жараёнини қонунда белгиланган тартибда назоратини олиб бориш барчамизнинг вазифамиздир.
Зеро депутатлар ўзлари сайланган ҳудуддаги аҳолини ўйлантираётган муаммоларини қисқа вақтда ва тизимли ҳал этиш учун зарурат бўлса, вазирлар, ҳокимларни жалб қилиб, уларнинг олдига масалани қатъий қўйиши даркорлиги Президентимизнинг бугунги мурожаатларида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Дилшод ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аьзоси
Фикрингизни қолдиринг