Янгиликлар 2261
Тадбиркорлар бизнес жараёнининг барча босқичида қўллаб-қувватланади
20 август Ўзбекистон тарихига барчамиз орзиқиб кутадиган сана сифатида муҳрланди. Сабаби, куни кеча давлатимиз раҳбари тарихда илк бор мустаққилик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларимизнинг қон томири ва локомативи бўлган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди.
Эътиборли томони, онлайн шаклда бўлиб ўтган мулоқотда қариб 10 мингга яқин тадбиркорлар иштирок этиб, ўзларини ўйлантириб келаётган барча муаммоларга ечим топиш билан биргаликда, келгусида ўз фаолиятларини кенгайтиришга асос бўладиган таклиф ва ташаббуслар ҳамда имтиёзлар ҳақида тўлақонли маълумот олишди.
Хусусан, кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитлар яратилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилди. Натижада, ўтган вақт давомида тадбиркорлар учун берилган имтиёз ва эркинликлар тўлақонли ўзини оқлаб ҳаётда ўз самарасини бера бошлади. Улар томонидан минглаб янги иш ўринлари яратилиб, юзминглаб оилалар турмуш фаровонлиги яхшиланишига эришилди.
Аммо 2020 йилда бошланган пандемия даври ва унинг тадбиркорлик фаолиятига кўрсатган таъсири ҳали соҳада кўплаб туб ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатиб берди. Шу боисдан, тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот жараёнида нафақат пандемиянинг улар фаолиятига бўлган таъсирини юмшатиш, шу билан бирга кўплаб имтиёзлар беришга қаратилган янгиликлар маълум қилинди.
Хусусан, учрашувда солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш мақсадида, 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар, иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолиниб, ушбу тадбиркорлар инвестиция миқдоридан келиб чиқиб, мол-мулк, ер ва сув солиқларидан 10 йилгача озод қилининиши айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилиб, уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхона жойлаштирилиб, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлиши маълум қилинди.
Шунингдек, 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади. Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, ушбу имтиёзнинг берилиши пандемия сабаб киритилган чекловлар таъсир кўрсатган умумий овқатланиш корхоналари эгалари учун кутилмаган катта янгилик бўлди.
Энг қувонарлиси ҳудудларда замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, тадбиркорлар ва ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади. Бу эса, кун сайин ортиб бораётган ёш тадбиркорлар сафи янад кенгайиб тадбиркорлик фаолиятига янги ғоялар кириб келишига замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, мулоқот жараёнида соҳа тараққиётини белгилаб берувчи, бизнесни молиялаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, ер ажратиш, инфратузилма, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, транспорт-логистика ҳамда соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш масалаларига қаратилди барча устувор йўналишларда яқин вақт ичида амалга ошириладиган ишлар тўлақонли сарҳисоб қилинди.
Якунда Президентимиз томонидан бундай очиқ мулоқотни анъанага айлантириб, ҳар йили ташкил этиш ва 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифи билдирилди ва бу таклиф барча тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Мавлуда АТХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг