Янгиликлар 2319
Тадбиркорлар Янги Ўзбекистоннинг локомативига айланади
Сўнгги беш йилда барча соҳада амалга оширилган ислоҳотлар каби кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли амалий ташаббусларга эришилди. Натижада, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ишлар қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсатиб, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Қувонарлиси, соҳадаги ўзгариш ва имкониятлар фақатгина соҳа ривожига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши билангина чекланиб қолмасдан, жойларда мутасадди раҳбарларнинг халқона мулоқот шаклида тадбиркорлар муаммоларини тинглаб, муаммоларни қисқа фурсатда ҳал этиши билан давом эттирилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ҳам ҳар бир маҳаллий ва хорижий ташрифлари давомида албатта тадбиркорлар билан мулоқот қилиб уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаши анъана тусига кирди. Ушбу мулоқотларни тизимли ва изчил давоми эттириш, тадбиркорлар мурожаатини қисқа фурсатда ҳал этиш мақсадида, республиканинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлар мурожаати билан шуғилланувчи идора Бош вазир қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Бугун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини муҳокама қилиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти ҳеч иккиланишсиз соҳада янги бир даврни бошлаб берган тарихий учрашув бўлди.
Сабаби, ушбу мулоқот жараёнида қарийб бир ой давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган 15 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслари сарҳисоб қилиниб, уларнинг ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Жумладан, Президентимиз очиқ ва дўстона мулоқот руҳида бўлиб ўтган учрашув жараёнида тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ўйлайманки, ушбу ташаббуслардан энг муҳимларидан бири бу тадбиркорларнинг ер-мулк билан боғлиқ муаммоларининг ҳал этилиши бўлди.
Сабаби, йиллар давомида кўпчилик тадбиркорларда ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлиш ҳақида хавотир бўлиб келган. Эндиликда, тадбиркорлар ҳозирда эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида, эгаллаб турган ер майдонлари, уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади. Яъни, бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади. Бунда, ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ерлар имтиёзли шартлар асосида, ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади.
Шунингдек, тадбиркорлар хусусийлаштириб берилган ерларини бозор қиймати нархлаб, ерлардан гаровга эвасида фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан учрашувда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолардан яна бири, валютада кредит олиб бугун валюта курсининг тез ўсиб бориши натижасида қўшимча харажатларга дуч келаётган тадбиркорлар муаммоларининг ечими бўйича ҳам ўз таклифини билдирди. Яъни эндиликда, банклар хорижий валютада олган кредитларини миллий сўмимизга айлантириб ундан кейингина тадбиркорларга кредит сифатида тақдим этади.
Барчамизга маълумки, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ва жойларда тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида умумий овқатланиш шаҳобчалари ва хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган тадбиркорлар пандемия сабаб ўрнатилган чекловлар натижасида фаолиятида иқтисодий инқирозлар кузатилаётганлигини таъкидлаб келмоқда.
Бугунги мулоқот жараёнида эса бошқа муаммолар каби ушбу масала ҳам тўлақонли ҳал этилди. Яъни, хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида пандемия даврида оғир аҳволга тушиб қолган 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод этилди. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир.
Шунингдек, эндиликда қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар ва саноат зоналарига инфратузилма етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлиши маълум қилинди. Шу билан бирга, келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхона жойлаштирилиб, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади.
Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлайди. Ушбу ишлар Давлат хизматлари марказлари орқали ташкил этилиб, мунтазам назорат қилиб борилади.
Тадбиркорлар учун яратилган қулайликлардан бири, субсидия ажратишда ҳам янада онсонлашади. 2021 йил 1 январдан, субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар “ягона дарча” тамойили асосида қабул қилинади, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2-3 бараварга камаяди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар ҳам онлайн тарзда расмийлаштирилади. Жорий йил якунига қадар эса лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30 фоизга қисқартирилади.
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги каби таклиф ва ташаббусларнинг тўлақонли ҳаётга татбиқ этилиши натижасида, тадбиркорлар сафи янада кенгайиб, улар ўз фаолиятларида эришаётган ютуқлари билан бугун Янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг локомативига айланишади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг