Тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитлар яратиб берилади

23.08.2021 15:08:04

Инсоният тарихидаги ҳар бир давр ўзининг мафкуравий хусусиятига кўра жамиятга ўзига хос таъсир кўрсатган. Бундай таъсир инсонларни ҳамиша қандайдир синов ва қийинчиликлар гирдобига солиш билан белгиланиб келган.

Истиқлол шарофати ва бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли юртимиз иқтисодиётида улкан ислоҳотлар вужудга келди. Бунинг натижасида тадбиркорлар ўзига берилган мислсиз улкан имкониятлардан фойдаланиб, мамлакатимиз иқтисодиёти учун тўлақонли хизмат қилиш имконига эга бўлмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 20 август куни юртимиз тадбиркорлари билан ўтказган мулоқотида соҳада хизмат қилаётган инсонларга қараб: “Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз”, деди. Ушбу сўзнинг замирида тадбиркорларга қарата изҳор этилган чуқур ҳурмат ва эҳтиром мужассам.

Ушбу учрашувнинг ўтказилиши ўз-ўзидан бўлмади. Мамлакатимиз раҳбари ушбу форумнинг ишига старт бериш чоғида юртимизнинг барча тадбиркорларидан уларни қизиқтирган талаб ва таклифларни қабул қилди. Мана бир неча ойдирки, мамлакатимизда меҳнат қилаётган ҳар бир ишбилармон ва тадбиркор ўзининг фаолиятида дуч келган шарт-шароит ва вазиятлардан келиб-чиқиб, соҳанинг ривожи учун самара берадиган таклифларни давлат раҳбарига йўллади.

Ушбу таклифлар муайян тизимга солиниб, чуқур таҳлил этилди ва натижада бир неча йўналишлардан таркиб топган масалалар йиғиндиси вужудга келди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни қизиқтирган масалалардан келиб чиқиб, форумдаги нутқида бундан буён ушбу соҳа хизматчилари учун яратиладиган қатор имкониятлар хусусида алоҳида тўхталди.

Бунда бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари, солиқ тизимини такомиллаштириш, ер ажратиш, бизнес учун зарур бўлган инфратузилма муаммолари, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, хусусий мулк дахлсизлиги каби масалалар кенг таҳлил этилди.

Президентимиз юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қатъий мақсад ва вазифаларни белгилар экан, кейинги йилларда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитларнинг яратилгани, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилганини таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ўта оғир пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркорларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

“Агар биз иқтисодиётимизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур”, - деди Президентимиз. Бунинг учун тадбиркорга нафақат бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида, балки маънавий кўмак ҳам кераклигини назарда тутган давлатимиз раҳбари 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифини илгари сурди.

Мамлакатимизнинг тараққий этиши йўлида ҳар бир соҳага алоҳида эътибор берилаётган бугунги кунда иқтисодиётни мустаҳкамлаш, тадбиркорларнинг ўз ишига пухта қатламини яратиш юртимиз мустақиллиги учун ўта муҳим бўлган талабдир. Шу нуқтаи назардан, ушбу мулоқот соҳа ходимлари қалбида ўз ишига ишонч ва ихлос, келажакка нисбатан кучли ирода ҳиссини мустаҳкамлади.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+