Янгиликлар 2227
Тадбиркорликнинг барча поғонасида “қўлидан етаклаш” тамойили жорий этилади
Сўнгги йилларда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини кенг миқёсда молиявий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурлар доирасида сўнгги 3 йил давомида 600 мингдан зиёд аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 триллион сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди.
Хусусан, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш борасидаги тадбирларни тизимли равишда давом эттиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг 10 мингга яқин тадбиркорлар билан Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказган очиқ мулоқоти ва ушбу мулоқот жараёнида билдирган ташаббуслари соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида соҳага қаратилган эътибор ва ғамхўрлик натижасида қўлга киритилган ютуқларни сарҳисоб қилиш билан бирга галда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага, мол-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробар камайтирилди. Айниқса, пандемия даврида харажатлар кескин ошганига қарамасдан, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул озод этилди. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди.
Аммо тадбиркорлар томонидан солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш борасида келиб тушган мурожаат ва таклифлар ҳисобга олиниб, мазкур соҳа янада ислоҳ қилиниб, келгусида бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш чоралари кўрилиши маълум қилинди.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш мақсадида, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Бундай тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.
Ҳудудларда банклар томонидан замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказлари ташкил этилади. Ушбу лойиҳа ва марказлар фаолиятига хорижлик мутахассислар жалб қилинган ҳолда, тадбиркорлар ва ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда бизнес режаларни ишлаб чиқиб, маблағлар жалб қилишида ёрдамлашилади. Улар тадбиркорликнинг барча поғонасида “қўлидан етаклаш” тамойили асосида қўллаб-қувватланади. Бу эса, мамлакатимизда ёш тадбиркорлар сафи янада кенгайиб, ушбу жараёнларга янги “қон” ва янги ғоялар кириб келишини кафолатлайди.
Шунингдек, мулоқот жараёнида масъуллар олдига қисқа вақт ичида хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкаларини пасайтириш бўйича таклиф киритиш, транспорт-логистика хизматларини ривожлантириш, тадбиркорларнинг юкларини ташишни енгиллаштириш масалаларини ҳал этиш, юк автомобиллари ва темир йўл вагонларини олиб кириш бўйича берилган имтиёзларни яна 3 йилга узайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, субсидиялар олиш жараёнини осонлаштириш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, бугун бошланган янги анъана тадбиркорлар билан очиқ мулоқотнинг ҳар йили ташкил этилиши, келажакда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатиши шубҳасиз. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ушбу мулоқот орқали жойларда Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман ва ҳокимларга тадбиркорлар билан ишлашнинг мутлақо янги ва халқчил намунасини кўрсатиб берди.
Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг