Янгиликлар 2416
Тараққиёт стратегияси билан таълим сифати янги босқичга олиб чиқилади
Ҳар қандай жамият тараққиёти ва унинг истиқболга белгилаб олган вазифаларининг кутилган натижаси энг аввало кенг дунёқарашга эга бўлган баркамол авлодга ҳамда замонавий фикрловчи, чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлган кадрларга боғлиқ. Бунда эса таълим-тарбия жараёнининг ўрни беқиёс.
Шу боисдан, сўнгги беш йилда мамлакатмизда таълим ва тарбия жараёни билан боғлиқ ислоҳотлар янада жадаллашди. Бунда эса, таълимнинг ҳар бир босқичига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мактабгача таълим қамрови 67 фоизга этказилган бўлса, 500 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактаблари янгидан бунёд этилди. Амалдаги 70 дан ортиқ олий таълим муассасалари сони эса, 140 тадан оширилди.
Ўтган вақт давомида тўпланган тажриба барча соҳалардаги каби, таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиши лозимлигини кўрсатмоқда. Шу боисдан, мамлакатимизни келгуси беш йилдаги тараққиётини белгилаб берган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 100 та мақсадларнинг айримлари айнан таълим ва тарбия йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалардир.
Жумладан, Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш, 2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024-2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш ҳамда мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш мақсад қилинган.
Юқорида таъкидлаганимдек, мамлакат келажаги барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти аввало етук кадрлар масаласинини ҳал этилишига боғлиқ. Шу мақсадда, эртамиз эгаларига таълимнинг энг қуйи босқичида сабоқ берадиган педагог кадрларни профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2022–2026 йилларда 160 мингдан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилиб, мактабгача таълим-тарбия жараёнлари илмий асосланган ёндашувлар асосида ташкил этилади.
Шунингдек, таълимнинг узлуксизлигини таъминлашда ўзига ҳос бўғин бўлган мактаб таълими соҳасида ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, янги мактаблар қуриш, хусусий мактаблар сонини кўпайтириш орқали мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этилиб, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади. Албатта фақатгина мактаблар сони ва ўқувчилар ўрнини ошириш орқали кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Бунда бошқарув тизимини ислоҳ қилиш масаласи ҳам энг устувор вазифалардан бири саналади. Шу боис, келгуси беш йилда халқ таълими бўлими мудирлиги ва мактаб директорлигига малакали менежерларни тайинлаш, хориждан мутахассислар жалб қилиш бўйича ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.
2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқилиб, Миллий ўқув дастурига асосан 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловалар яратилади. Миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитувчиларни ўқитиш мақсадида, электрон малака ошириш платформаси учун 2026 йилга қадар жами 769 та видеодарс тайёрланади. Якунда етук мутахасси педагогларни муносиб рағбатлантириш мақсадида, уларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб 1 000 АҚШ долларига етказилади.
2022 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилади. Келгуси йиллардан бошлаб ушбу тизим босқичма-босқич барча вилоятларга татбиқ этилади.
Ҳеч кимга сир эмаски, таълим соҳасида бошланган ислоҳотларнинг дастлабки натижаси энг аввало олий таълим тизимида ўз самарасини беради. Шу боис, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ёшларимизни олий таълим қамрови билан қамраб олиш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Хусусан, олий таълим билан қамров даражачини амалдаги 28 фоиздан, 50 фоизга чиқариш орқали 2026 йилда қабул кўрсаткичини камида 250 мингга етказиш, бунда биргина 2022 йилнинг ўзида бу кўрсаткични 38 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган. Бунда олий таълим муассасалари сон 200 тадан оширилиб, хусусий ва хорижининг нуфузли олий таълим муассасаларининг филлиаллари сони 50 тага етказилади.
Талабаларнинг ўз вақтларини тураржой масаласига сарфлаб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этилади. 2022 йилда 18 800 ўринли 47 та талабалар турар жойлари, 2026 йилга қадар эса, 72 400 ўринли 181 та талабалар турар жойларини барпо этилиши натижасида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан оширилади.
Яна бир муҳим мақсад, хорижий давлатларнинг энг нуфузли университетларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун очиқ саралаш танловларини ўтказилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш, бунда ёшларнинг 50 фоизини техник, аниқ фанлар ва IT соҳаларига ўқитишга алоҳида устуворлик қаратилади.
Хулоса қилиб айтганда, келгуси беш йилда мамлакатимиздаги ҳар бир ота-она фарзандининг таълимнинг ҳар бир босқичида замонавий билим олиш имкониятини ўз ҳаётида ҳис этиб яшайди. Шунингдек, ҳар бир ёш ўз келажагини мамлакатимиз эртаси билан боғлаган ҳолда ўз мақсадлари сари дадаил қадам ташлайди.
Музафара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг