Янгиликлар 1101
Тараққиёт стратегияси лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди
2022 йил 6 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб депутатлар томонидан Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари Тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳим концептуал ҳужжат эканлиги, ислоҳотлар узвийлиги ва давомийлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгилашга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Фракция раҳбари З.Ибрагимова Президент томонидан лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқида Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясинининг 7 та устувор йўналишларини белгилаб берганлигига, мазкур ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон қилиб олинганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи ушбу ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” социал-деморатик партияси фаоллари, экспертлари, бошланғич партия ташкилотларида ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, билдирилган таклифлар умумлаштирилиб Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига тақдим этиб борилмоқда. Берилган таклифлар лойиҳанинг ҳар томонлама пухта бўлишида муҳим омил бўлади.
Муҳокамалар жараёнида Тараққиёт стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармон лойиҳаси 26 банддан иборат аниқ вазифалар, Тараққиёт стратегиясида 94 та аниқ мақсадлар белгиланганлиги, 407-банддан иборат аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ҳам тасдиқлаш назарда тутилганлиги, бунда ҳар бир тадбир номи, уни амалга ошириш механизми, ижро муддати ва масъул ижрочилар белгиланганлиги ислоҳотлар аниқ мақсадларга йўналтирилганлиги билан ҳам муҳим ҳисобланиши алоҳида қайд этилди.
Депутатлар сайловолчилар билан учрашувларда кўтарилган кўплаб муаммоларни ҳал этиш бўйича тадбирлар Тараққиёт стратегиясидан ўрин олгани халқимиз орзу-умидлари рўёбига ҳамда партия томонидан сайловчиларга берган ваъдалари ижроси таъминланишига хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар.
Фракция йиғилишида шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда. Бу каби шартномалар оддий ёзма шаклда тузилиши мумкинлиги белгилаб берилмоқда. Ўз навбатида, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатларни енгиллаштиради ва ижара бозорини ривожлантиради.
Мажлисда депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ҳамда таклифлар юзасидан ташаббускорлар ва соҳа-мутахассислари томонидан жавоблар олиниб, мазкур қонун лойиҳаси маъқулланди.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг