Тарихий ташриф амалий ислоҳотларга кенг йўл очади

15.03.2021 10:03:16

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга давлат ташрифи дастуридан жой олган икки тадбирда иштирок этдим. Ўз чиқишимда бугун икки қўшни давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари қайта тикланаётганидан мамнунлигимни изҳор этдим. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида икки юртни бир-бирига янада яқинлаштириш борасидаги ишларимиз тўғрисида гапириб бердим.

Қирғизистон давлати раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашувида иштирок этар эканмиз, биз икки давлат парламентлари депутатлари зиммасига жиддий масъулият юкланаётганини ҳис этиб турдик. Унда мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон — Қирғизистон президентлари парламентлараро муносабатларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганликларининг гувоҳи бўлдим. Раҳбарларимиз томонидан қисқа муддатларда парламентлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш топшириғи берилди, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишнинг йўлларини топиш вазифаси топширилди.

Очиғини айтиш керак, икки кунлик қисқа ташриф тарихий воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари дўстлигининг, давлатлараро муносабатларда янги давр бошланганини эътироф этишимиз мумкин. Давлатларимиз раҳбарлари жуда катта режаларни бажаришни зиммаларига олдилар. Қисқа муддатда чегараларимизнинг 30 йил аввалги ҳолатга келтиришга келишиб олинди. Чегараолди ҳудудларда ўзаро борди-келдилар учун кенг шароитлар яратиладиган бўлди.

1378 километрлик икки давлат ўртасидаги чегараларни хатлаш ишлари ниҳоясига етказилмай келаётган эди. Бу ишларни ҳам қисқа муддатларда охирига етказиш масаласи кескин қилиб қўйилди. Ташкилий ишлар битгач, биз, парламент аъзолари икки давлат ҳукуматларининг чегара ишларини якунлашга доир тайёрлаган ҳужжатларини ратификация қилиб беришимиз керак бўлади. Қонунчилик палатаси бу ишни амалга ошириш учун бугундан зарур чора-тадбирларни белгилаб олишга бел боғлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида янгидан яратилган ижобий муҳит дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик ва ишонч руҳида ривожланишда давом этади.

 

Нодира ЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+