Ташаббусларга бой саммит

21.09.2021 11:09:21

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Ўтган йил пандемия сабабли ШҲТ саммити онлайн форматда ўтказилган эди. Бу сафар давлат раҳбарлари бевосита йиғилди. Эътиборлиси, ШҲТнинг ушбу саммити Ташкилот тузилганининг 20 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келди. Саммит якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтди. Учрашув кун тартибига мувофиқ янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши, айниқса, Афғонистондаги сўнгги вазият нуқтаи назаридан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бугун давлатларнинг яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтириш муҳим. Президентимиз таъкидлаганидек, “умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси - “Шанхай руҳини” мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим”. Ўзаро қўллаб-қувватлаш, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти кун тартибидаги асосий масалаларга биргаликда муроса излаш кенг Евроосиё маконида хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шартидир.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Душанбедаги саммитида ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

ШҲТнинг бу галги саммитида Президентимиз томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислигидаги устувор вазифаларини баён қилди. ШҲТнинг нуфузи ва салоҳиятини янада ошириш, Ички минтақавий савдони ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ва бу борада ҳамкорликни назарда тутувчи марказларни тузиш, ШҲТнинг Транспорт боғлиқлиги стратегиясини қабул қилиш, ШҲТ маконида инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) 2001 йил 15 июнда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан таъсис этилган. Орадан ўн беш йил ўтиб унга Ҳиндистон ва Покистон ҳам қўшилди. ШҲТнинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва гуманитар муносабатларни ривожлантиришдир. Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди.

Таъкидлаш жоизки, кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади.

Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан зиёд, яъни Евроосиё ҳудудининг 60 фоизи демакдир. ШҲТ мамлакатлари аҳолисининг умумий сони 3 миллиард 40 миллион нафарга тенг, бу сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярми дегани. У 8 та аъзо давлатдан ташқари 4 та кузатувчи, 3 та кузатувчиликка номзод давлатни, 6 та “мулоқот бўйича шерик” мақомига эга мамлакатни бирлаштирган. Душанбедаги ШҲТ саммити якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Эрон Ислом Республикасини ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилиш жараёнига старт бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Ташкилот айни кунда нафақат хавфсизлик, балки ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт коммуникацияси, сармоя ва гуманитар масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Булар ташкилотнинг очиқлиги, барча манфаатдор давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолатдир. ШҲТ, аввало, ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг ишончли кафолати сифатида майдонга чиқмоқда, дунё тез ўзгарувчан, нотинч бўлиб турган ҳозирги замонда бу ғоят муҳим.

Иккинчидан, бу ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама самарали ҳамкорликни ташкил этиш борасида қўйилаётган ва бажарилаётган вазифалар, бунинг учун зарур шартномавий-ҳуқуқий асосни шакллантириш ва ҳар бир мамлакат учун аҳамиятли бўлган йирик лойиҳаларни амалга оширишдир.

Учинчидан, ШҲТ аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси бўлиб, унинг фаолияти бошқа мамлакатларнинг манфаатларига қарши қаратилмаган ва ҳарбий блок хусусиятига эга эмаслиги яққол намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари “Шанхай жараён”ларини тезлаштириш учун Ташкилот ихтиёридаги мавжуд қарорлар, декларациялар ва лойиҳаларни амалга оширишга эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда. Чунки ҳар қандай кўп томонлама тизимлар фаолияти қабул қилинаётган қарорларнинг сўзсиз ва босқичма-босқич бажарилиши билан самара беради. Бу “олтин қоида” ШҲТнинг жипслиги ва уюшқоқлиги учун ўзига хос мезон бўлиб қолиши бежиз такрорланмаётир. Мана шу принцияларнинг барчаси, шу жумладан, хавфсизлик ва иқтисолдиётларни ривожлантириш мавзуларининг жипслиги, яхлитлиги Ўзбекистоннинг манфаатлари, мақсадларига жавоб беради. Шунинг учун Ўзбекистон ташкилот фаолиятида ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этмоқда.

ШҲТни янада ривожлантириш аъзо давлатларнинг муайян амалий натижаларга эришишига, аввало, барқарор тараққиётни таъминлаш ва бутун минтақа мамлакатлари аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Шу боис, Ўзбекистон ШҲТ маконида миллий ва трансчегаравий аҳамиятга молик автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўли коммуникацияларини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошириш, замонавий логистика марказлари ва хаблар яратиш тарафдоридир. Бу ишларнинг амалга оширилиши аъзо давлатларнинг Европа Иттифоқи, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, улкан минтақада илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар, ҳақиқатан ҳаётда ўз аксини топса, бундан аъзо мамлакатларнинг барчаси ютади. Кузатувчи давлатларнинг бундан кейин ташлайдиган қадамлари ана шу ғояларнинг рўёби билан белгиланади.

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+