Янгиликлар 2187
Тежамкор тартибда газ ва электр энергиясида фойдаланган аҳолига имтиёз бериш керак
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида янги энергетика қувватлари ва электр энергиясини узатиш тармоқларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда 2030 йилга қадар 25 та қуёш ва 10 та шамол электр станцияси қуриш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга ошириш режалаштирилган.
Жумладан, айни кунларда Навоий вилоятининг Кармана туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан 283 гектар майдонда 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 110 млн. доллар бўлиб, ўртача 5 та туманнинг эҳтиёжини қоплаш назарда тутилган.
Шунингдек, мамлакатимиздаги мавжуд газ қудуқларидан ташқари янги конларни излаб топиш орқали аҳолининг йил давомида узликсиз газ билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида истеъмолчиларни нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, иккинчи ярим йилликда мамлакатмиздаги истеъмол қувватини тўлиқ таъминлаш учун 32 миллиард куб метр табиий газ ресурлари балансини шакллантириш орқали куз-қиш мавсумида тизимни барқарор ишлатиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун ҳар бир кон кесимида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш, хорижий ва қўшма корхоналар салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ва янги газ-кимё лойиҳалари ишга туширилиши инобатга олиниб, келгуси 5 йилда табиий газга бўлган талаб ортиши ҳисоб-китоб қилинганлиги маълум қилинди. Албатта, бу каби халқимиз турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳаётга тадбиқ этилишига барчамиз бирдек масъулмиз.
Аммо энергия тежавочи ва қайта тикланувчи электр энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда мавжуд газ конларидан ташқари янги конларни излаб топиш билан биргаликда истеъмолчилар томонидан ҳам бу борада айрим ташаббуслар амалга оширилиши лозим деб ҳисоблайман.
Жумладан, бугунги кунда аҳоли хонадонлари ҳамда мамлакатимиздаги саноат корхоналарида энергия сарфи жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан ортиқ даражада сарфланмоқда. Шу боис, истеъмолчиларнинг истеъмол маданиятини яхшилаш, ижтимоий-маиший ва тадбиркорлик объектларни ҳамда аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлашда манфаатдорлик кўрсаткичларини белгилаш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Чунки ҳозирда кўрилаётган чора-табирларга қарамасдан истеъмолнинг “пик” вақтларда ортиб кетиши узилишлар кузатилишига олиб келмоқда. Айниқса, бу кўрсаткич куз-қиш мавсумида кўпайиб кетади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электр энергияси ва газ етказиб беришда турли хилдаги табақалаштирилган тарифларни жорий этиш керак. Яъни, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда аҳоли хонадонларида энергия истеъмоли режимини сутка давомида ўзгартириш орқали уларга “пик” вақтларда истеъмол ҳажмини камайтирса тўловда имтиёз бериш муаммонинг ечими саналади. Жумладан, қайсики хонадон ёки тадбиркорлик субъекти “пик” вақтда кам газ ва электр энергиясидан фойдаланса, ўша вақтдаги истеъмол қуввати учун имтиёзли тўлов жорий этилади. Шундагина аҳолида истеъмол маданияти ортиб, “пик” вақтларда ортиқча сарфларнинг олдини олади. Бу эса айниқса, куз-қиш мавзумида тармоқларга бўлган босимнинг ортишини камайтиради ва етарли даражадаги захира қувватларини ўз вақтида узлуксиз истеъмолчиларга етказиш имкониятини яратади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг