Тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 15 фоизгача оширилади

25.03.2022 09:03:04

Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, мамлакат тараққиёти энг аввало, инсонларнинг бирламчи эҳтиёжи бўлган саломатлик билан боғлиқ жараён ҳисобланади. Шу боис, давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳани изчил ривожлантириб келмоқда. Жумладан, Президентимиз ҳар сафар ҳудудларга ташрифи давомида доимий равишда тиббиёт масканларига ташриф буюриб, аҳоли саломатлиги учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишади.

Шунингдек, хорижий етакчи давлатларга амалга оширган ташрифлари доирасида ҳам ривожланган давлатларнинг тиббиёт соҳасида қўлга киритган ютуқларини мамлакатимиз тиббиёт соҳасига кенг жорий қилиш борасида ҳам қатор ташаббуслар кўрсатиб, икки томонлама ҳамкорлик шартномаларини имзолаб келмоқда.

Ўтган вақт давомида ҳар бир соҳадаги ўзгаришларни амалга оширишда аҳолимиз фикрини тинглаш асосий вазифа бўлиб шаклланганлигидан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг 18 март куни давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тарихида илк бор тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувга тайёргарлик жараёнида шифокорлар, ҳамширалар, соҳа олимлари ҳамда юртдошларимиз томонидан 25 мингдан зиёд мурожаат ва таклифлар билдирилди. Уларнинг 8 мингдан ортиғи шахсий мурожаатлар бўлиб айни кунда ушбу фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал этишга қаратилган ишлар бошлаб юборилган. 17 мингдан ортиқ тизимга оид масалалар ечими эса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан еттита йўналиш доирасида белгилаб берилди.

Ушбу йўналишлар доирасида 2 мингдан зиёд олис маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади. “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилиб, чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланиб, уларга уй-жой сотиб олишида кўмаклашилади. Бундай олис ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилиниб, “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Тез ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. Бу ўзгариш минглаб олис ҳудудлардаги қишлоқ ва овуллар фуқароларини қийнаб келаётган тиббий хизматдан фойдаланишдаги муаммоларини ҳал этади. Сабаби, ҳозирги амалиётда фуқароларга тез тиббий ёрдам машинаси яқинлигига қараб эмас, бириктирилган ҳудудига қараб хизмат кўрсатганлиги боис, тез тиббий ёрдамнинг етиб келиш вақти узоқ муддатни талаб этиб келаётган эди. Шунингдек, 2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. 2022 йил 1 июндан бошлаб эса, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади. Барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз ташқи муҳитга, 20 фоиз генетик омилларга, 9 фоиз соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ. Шу боис учрашувда олтинчи йўналиш — жамиятда соғлом турмуш маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Яъни, давлатимиз раҳбари соғлом турмуш тарзи орқали, касалликнинг олдини олишга эътиборни кучайтириш, ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва улар натижасида инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичларини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Ушбу жараёнлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланиши, йил якунида эса, ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар топширилиши ҳамда ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун алоҳида “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилиши маълум қилинди.

Шунингдек, тиббиёт тизимда ажратилган маблағни бевосита беморга сарфлаш тамойили жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, тиббий суғурта тизими йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, келгуси йилларда барча ҳудудларда йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Албатта, ушбу учрашувда илгари сурилган ташаббус ва таклифлар, белгилаб берилган вазифалар биз парламент вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+